Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Бола ҳуқуқлари бўйича вакил: Навоийдаги Ихтисослаштирилган таълим муассасаларидаги ҳолат талаб даражасида эмас
Ихтисослаштирилган таълим муассасалари таълим-тарбия бериш, коррекциялаш ва даволаш-соғломлаштириш муассасалари ҳисобланади ҳамда жисмоний ёки психик ривожланишида турли нуқсонлари бўлган болаларнинг умумий ўрта таълим олишда ва уларни билиш имкониятларига мувофиқ тарбиялашда, жамиятга мослашуви ва интеграциялашувида кўмаклашиш, шунингдек ижтимоий ёрдамга муҳтож оилаларга фарзандларини тарбиялаш ва уларга таълим беришда ёрдам кўрсатиш мақсадида ташкил этилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова Навоий вилоятига ташрифи давомида ушбу ҳудудда жойлашган жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари (мактаблар, мактаб-интернатлар)га мониторинг ташрифини амалга оширди.

Навоий вилоятида 3 та жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасалари мавжуд. Булар Қизилтепа тумани 36-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати; Кармана тумани 25-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати (кар ва заиф эшитувчи болаларга таълим тарбия бериш учун) ва Навоий вилояти кўриш имконияти чекланган болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаларидир.

Мониторинг ўтказилган кунда олинган маълумотларга кўра, ушбу муассасаларда жами 618 нафар (қизлар 251 нафар) имконияти чекланган болалар таълим-тарбия олмоқда.

Бундан ташқари жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган 691 нафар (қизлар 289 нафар) болалар уйда якка тартибда таълимга жалб этилган, уларга 2236 нафар ўқитувчилар таълим бермоқда.

Қизилтепа тумани 36-сонли ихтисослаштирилган мактаб-интернати.

Мактаб инернати жисмоний ёки психик ривожланишида нуқсони бўлган ақли заиф болалар учун ихтисослаштирилган давлат таълим муассасаси ҳисобланади. Муассаса биноса 1961 йилда хом ғиштдан қурилган. 2014 йилда 180 ўринли ўқув биноси ва 50 ўринли ётоқхона қуриб берилган. 2019 йилда 150 ўринли ётоқхона қуриб ишга туширилган. Қуввати 250 ўринли бўлиб, унда 248 нафар тарбияланувчи мавжуд.

Аниқланган камчиликлар: Мактаб ҳовлисидаги йўлаклар таъмир талаб, ҳовли ободонлаштирилмаган болаларни дарсдан кейинги бўш вақтларини ўтказиш учун ҳовлида шароитлар яратилмаган. Жумладан спорт майдончалари йўқ. Ўқув устахоналарининг моддий-техник ҳолати яхши эмас. Тикув машиналари, дурадгорлик дастгоҳлари ва асбоб-ускуналар етишмайди.
Ўқувчиларнинг саломатлиги назорат қилиниб борилмоқда. Лекин муассасада доимий ишловчи педиатр ва психоневролог керак.
Ошхона 120 ўринли бўлиб, мониторинг кунида санитария ҳолати қониқарли эмас. Ошхона жиҳозларидан маркеровкасида кўрсатилган мақсадларда фойдаланилмаябди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати