Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламига бепул юридик хизмат кўрсатиш механизмлари мустаҳкамланди
Жорий йилнинг 28-29 июнь кунлари Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Ўзбекистон Республикаси Адвокатлар палатаси, “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда USAIDнинг Ўзбекистондаги суд-ҳуқуқ ислоҳоти бўйича дастури билан ҳамкорликда “Аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламларига ҳуқуқий хизматлар кўрсатиш самарадорлигини оширишда давлат органларининг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик йўналиш ва механизмлари” мавзусида давра суҳбати бўлиб ўтди.

Ушбу тадбирни ўтказишдан мақсад аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламидан келиб тушган мурожаатларни таҳлил қилиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва манфаатларини комплекс жихатдан ҳимоя қилиш механизмларини мустаҳкамлаш, бунда Адвокатлар палатаси ва ҳуқуқий хизмат кўрсатишга ихтисослашган нодавлат нотижорат ташкилотлари билан мустаҳкам ҳамкорлик алоқаларини йўлга қўйиш ҳамда мурожаатлар билан ишлаш самарадорлигини оширишда ўзаро тажриба алмашишдан иборат.

Тадбирда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Котибияти мутахассислари жорий йилда Омбудсман манзилига кам таъминланган ва ижтимоий ҳимояга муҳтож фуқаролар томонидан турар жой майдони тақдим этиш, судда ҳимоя қилиш, ишга жойлаштириш, суд қарорлари ижроси, таълим, пенсия таъминоти, ижтимоий имтиёз ва нафақалар, моддий ёрдам бериш масалаларида мурожаатлар келиб тушаётганини қайд этишди.

Омбудсман вакилларининг таъкидлашича, мазкур таҳлил, ўз навбатида ижтимоий ҳимояга муҳтож қатламга бепул юридик хизмат кўрсатишнинг янги механизмларни ишлаб чиқиш ва фуқароларнинг ҳуқуқий саводхонлигини ошириш масалаларининг нақадар долзарб эканини кўрсатди. Бу жараёнда Омбудсман, Адвокатлар палатаси “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ҳамда бошқа ННТ яқин ҳамкорликда ишлаши мақсадга мувофиқ. Бунда аҳолига юридик маслаҳат бериш билан чекланиб қолмай, уларга амалий-ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш ҳамда ўз ҳуқуқ ва мажбуриятларини яхши тушуниб олиши ва уни талаб қилиши учун тарғибот-ташвиқот тадбирларини кучайтириш керак бўлади.

Шунингдек тадбирда Адлия вазирлиги бошқарма бошлиғи ўринбосари, Адвокатлар палатаси раиси, USAIDнинг “Ҳуқуқий ислоҳотлар” дастури маслаҳатчиси ҳам сўз олиб, фуқаролара комплекс юридик хизмат кўрсатиш борасида амалга оширилган ишлар ҳамда ҳал этилиши керак бўлган жихатлар ҳақида маълумот беришди. Шундан сўнг, “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти, Фуқаролик ташаббусларини қўллаб-қувватлаш маркази ҳамда Республика “Истиқболли авлод” ижтимоий ахборот маркази раҳбарлари ҳам сўзга чиқиб, аҳолига ҳуқуқий ёрдам кўрсатиш борасидаги фаолиятлари ҳақида маъруза қилишди.

20 га яқин фуқаролик жамияти институтлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари вакилларини қамраб олган давра суҳбатининг кейинги қисми Олий Мажлиснинг инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман), Адвокатлар палатаси, “Мадад” – муассаса шаклидаги нодавлат нотижорат ташкилоти ўртасида имзоланиши режалаштирилган уч томонлама ҳамкорлик меморандуми лойиҳаси муҳокамасига бағишланди. Иштирокчилар гуруҳларга бўлинган ҳолда аҳолига бепул юридик хизмат кўрсатиш механизмларини такомиллаштириш борасида таклифлар ишлаб чиқишди. Муҳокамалар жараёнида мазкур меморандум лойиҳаси янада такомилига етказилиб, йиғилиш якунида уч томонлама ҳамкорлик меморандуми имзоланди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати