Ўзбекистонда болаларни ўз вақтида рўйхатдан ўтказмаслик ва шахсини тасдиқловчи ҳужжатлар, туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларнинг йўқлиги ҳолатлари учрамоқда. Шу тариқа, болалар ижтимоий ҳимоя тизими ташқарисида, яъни давлат органлари учун “кўринмас” бўлиб қолмоқда – улар таълим, тиббий ва ижтимоий ёрдамдан мосуво қоляпти, улар чет элга чиқа олмайди, мерос ҳам ололмайди. Болалар омбудсмени Алия Юнусова бу ҳолат давлат органларининг бундай болаларни аниқлаш бўйича ҳаракатлари етарли даражада мувофиқлаштирилмагани, бу ҳам бюрократик ёндашув, балки ўз вазифаларига, жумладан, ота-оналарга нисбатан бепарво муносабатнинг оқибати эканлигини таъкидлайди. Бу омиллар болаларнинг исми, фамилияси, фуқароликка бўлган бузилган ҳуқуқларини тиклашга тўсқинлик қилади.