Маълумотларга кўра, ҳозирда ҳуқуқий ҳужжатлари йўқ ёки тўлиқ бўлмаган 3 миллион 600 мингдан ортиқ ер участкалари мавжуд. 2024 йилнинг 7 август куни Давлат раҳбари томонидан имзоланган «Ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкалари ҳамда уларда қурилган бино ва иншоотларга бўлган ҳуқуқларни эътироф этиш тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни эса аҳолига уй-жойга бўлган ҳуқуқларини эътироф этиш учун яхши имконият.
Қайд этиш лозимки, мамлакатимизда аввал ҳам ўзбошимчалик билан эгалланган ер участкаларига “амнистия” эълон қилинган эди.
Савол жавобларга бой тарзда ўтган тадбирда аҳоли мазкур қонуннинг аҳамияти, ҳуқуқларни эътироф этишнинг асосий шартлари, керакли ҳужжатларни тўплаш ва расмийлаштириш тартиби, ушбу йўналишда жамоатчилик назоратини ўрнатилиши ва Қонуннинг бошқа муҳим жиҳатлари ҳақида хабардор қилинди.
Фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда Омбудсманга ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди. Хусусан, иштирокчиларнинг пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация тўловлари ва бошқа тўловларни тайинлаш ҳамда аҳолини ижтимоий қўллаб қувватлашга оид саволларига батафсил жавоб берилди.
Шунингдек, тадбирда сайловчиларнинг сайловга оид билимларини юксалтиришга қаратилган маълумотлар берилди.
Тадбирдан сўнг, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Тошкент шаҳридаги минтақавий вакилининг фуқаролар қабули ташкил этилиб, аҳоли мурожаатлари қабул қилинди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати