Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг 2022 йилдаги мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолияти юзасидан БРИФИНГ
2022 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахслардан, чет эл фуқаролари ва хорижий давлатлар омбудсманларидан, шунингдек ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларда сақланаётган шахслар, уларнинг яқин қариндошлари ва адвокатлардан жами 17761 та мурожаат келиб тушган. Бу кўрсаткич 2021 йилга нисбатан 977 тага ёки 5,2 фоизга камайган.

Мурожаатларнинг 95 таси аноним деб топилган бўлсада, уларда кўтарилган муаммоли масалалар ўрганилди ва тегишли чоралар кўрилди.

Такрорий мурожаатлар сонини кескин камайтириш бўйича кўрилган чоралар натижасида улар сони 2021 йилга нисбатан 15,8 фоизга камайди.

Мурожаатлар вилоятлар кесимида аҳоли сонидан келиб чиқиб таҳлил қилинганда энг кўп масалалар Тошкент шаҳри, Қашқадарё, Сурхондарё, Навоий ва Жиззах вилоятларига тўғри келиши аниқланди. Туман ва шаҳарлар кесимида энг кўп мурожаатлар Қашқадарё вилоятининг Косон тумани (600 та) ва Қарши шаҳри (414), Сурхондарё вилоятининг Денов туманидан (370 та) келиб тушган.

2022 йилдан Омбудсманнинг ҳудудларда доимий асосда ишловчи минтақавий вакиллари иш бошлади. Бу эса фуқароларнинг марказга келиш вақтлари ва харажатларини тежаш, мурожаатларни тезлик билан жойига чиқиб ўрганиш, мониторинг ташрифлари қамровини кенгайтириш имконини берди. 

2022 йилда Омбудсман томонидан давлат органлари ва идораларига фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан 134 та таъсир чоралари шаклидаги ҳужжатлар киритилиб, уларнинг 20 таси хулоса, 36 таси тақдимнома ҳамда 78 таси даъво аризаларни ташкил қилди.

Шунингдек, Омбудсманнинг фуқаролар манфаатларида йўллаган мурожаатлари бўйича сўровига асосан ташкилотлар томонидан судларга 13 та даъво аризалар киритилган.

Омбудсман ходимлари 143 маротаба судларда кузатувчи сифатида иштирок этган.

Натижаларга тўхталамиз. 2022 йилда фуқароларнинг мурожаатлари асосида ундирилган ҳамда ундириши белгиланган маблағлар 2 млрд 372 млн сўмни ташкил этди.

Фуқароларнинг қарздорлиги, соғлиғига етказилган зарарлар, моддий ва маънавий зарарлар ҳамда бошқа мажбурий тўловлар оқибатида юзага келган ҳуқуқий муносабатлар билан боғлиқ мурожаатлар ўрганилиши натижасида жами 1 млрд 358 млн сўмдан ортиқ маблағлар фуқаролар фойдасига ундирилган.

Бундан ташқари 45,4 млн сўмдан ортиқ алимент тўловлари ундирилиши таъминланган.

Фуқароларнинг иш ҳақи ва меҳнат муносабатлари билан боғлиқ тўловлар бўйича ундирилган жами сумма – 505 млн 914 минг сўмни ташкил этади.

Шу билан бирга Омбудсман кўмагида фуқароларга жами – 447,1 млн сўмга яқин моддий ёрдам, тадбиркорлик билан шуғулланиш учун субсидия ва бошқа турдаги молиявий ёрдам ажратилган.

Шунингдек, 13 нафар фуқаро ишга тикланди, 4 нафар фуқаро иш билан таъминланди.

14 нафар фуқаронинг зарарли меҳнат шароитларида ишлаганлик факти белгиланди.

7 нафар фуқарога пенсия ҳисоблашда инобатга олинмаган стаж қайта ҳисоблаб чиқилиши белгиланди

Мурувват уйларида яшовчи 30 нафарга яқин шахснинг туғилганлик факти белгиланди ва ҳужжатлари расмийлаштирилди.

24 нафар хотин-қизлар “Аёллар дафтари”га, 12 нафар фуқаро “Ёшлар дафтари”га, 5 нафар фуқаро “Темир дафтар”га киритилди. 3 нафар фуқарога уй-жой ажратилиши ва 9 нафар хотин-қизларга “ҳимоя ордери” берилиши таъминланди.

2 нафар фуқаронинг қонун ҳужжатларида белгиланган имтиёзларидан фойдаланишига амалий ёрдам бериш натижасида улар олий таълим муассасасига қабул қилинди.

Фуқароларнинг давлат органлари ва ташкилотлар мансабдор шахслари хатти-ҳаракатларидан норози бўлиб ёзган мурожаатларини ўрганиш натижасида ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органларнинг 3 нафар масъул ходимлари ўз вазифасини лозим даражада бажармаганлиги учун интизомий жавобгарликка тортилган, 1 нафарига огоҳлантириш берилган.

10 та ҳолатда жиноят иши кўзғатишни рад этиш ҳақида қабул қилинган қарорлар бекор қилиниб, қўшимча терговга қадар текширув ҳаракатлари ўтказилиши белгиланган.

Омбудсман сўровига асосан, ваколатли давлат органлари томонидан масъул мансабдор шахсларнинг ҳаракатларида қонунбузилиш ҳолатлари мавжудлиги аниқланиб, 3 нафар масъул эгаллаб турган лавозимидан озод этилган, 22 нафар ходимга “ҳайфсан” интизомий жазо чораси қўлланилган, 6 нафар шахсга ўртача ойлик иш ҳақининг 30% миқдорида “жарима” интизомий жазоси қўлланилган, 3 нафар масъул ишига совуққонлик билан ёндашгани учун маъмурий жавобгарликка тортилган.

Омбудсман томонидан фуқаролар мурожаатларида аниқланган муаммо ва камчиликларни таҳлил қилиш натижасида қонунчиликка ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш юзасидан бир қатор таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқилиб, тегишли тартибда ўрганиб чиқиш учун манфаатдор давлат органлари ва ташкилотларга киритилди.

Алоҳида қайд этиш лозимки, Омбудсманга 2022 йилда чет эл фуқаролари, чет элдаги Ўзбекистон фуқаролари ҳамда чет давлатлар Омбудсманлари томонидан 61 та мурожаат келиб тушган. Шундан 26 та мурожаат Қозоғистон, Қирғизистон, Арманистон, Россия Федерацияси ва бошқа давлатлар Омбудсманлари томонидан юборилди. Ушбу мурожаатларнинг 70 фоиздан ортиғи ижобий ҳал этилган.

Хусусан, Грузия Халқ ҳимоячиси (Омбудсман) билан олиб борилган ҳамкорлик натижасида бошқа учинчи давлатда қўзғатилган жиноят иши бўйича Грузияда қамоққа олинган фуқаромиз И.Ш.га нисбатан танланган қамоқ эҳтиёт чораси уй қамоғига алмаштирилишига эришилган.

Шунингдек, Қирғизистон Акыйкатчиси (Омбудсман) билан ҳамкорликда олиб борилган ишлар натижасида Қирғизистон Республикаси Жиноят кодексининг қатор моддалари билан айбдор деб топилиб, озодликдан маҳрум этиш жазосига ҳукм этилган жиззахлик фуқаромизга тайинланган жазо инсонпарварлик тамойили асосида жарима жазосига ўзгартирилиб, у суд залидан озод этилган. Шунингдек, Қирғизистон Акыйкатчиси (Омбудсман) томонидан ҳамюртимизга чет элга чиқиш юзасидан ҳужжатлар тайёрлашда ҳам амалий ёрдам кўрсатилди.

Бугун тақдим этилган маълумотлар Омбудсманнинг фақатгина мурожаатлар билан ишлаш бўйича фаолиятига тааллуқли. Навбатдаги брифинг Омбудсманнинг Қийноқларни олдини олиш бўйича 2022 йилда амалга оширилган ишлар юзасидан ўтказилади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати