Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
30-сонли манзил-колониясига амалга оширилган мониторинг ташрифи тафсилотлари
2022 йилнинг 30 март куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Жиззах вилояти бўйича минтақавий вакили Ўткир Жўраев томонидан Ўзбекистон Республикаси ИИВ Жазони ижро этиш департаменти учинчи минтақавий ҳудуд 30-сонли манзил-колониясида қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллаш ҳолатларини олдини олиш юзасидан мониторинг ўтказилди.

30-сонли манзил-колонияси сиғими 350 та маҳкумга мўлжалланган бўлиб, шу куни унда 288 нафар маҳкум жазо муддатини ўтаётган эди. Вояга етмаган ва аёл маҳкумлар мавжуд эмас.

Манзил-колонияда бемор маҳкумлар даволаниши учун амбулатория ташкил этилган, бир нафар олий маълумотли врач штати ваканция эканлиги аниқланди. Бир нафар эркин ёлланган ўрта-махсус тиббий маълумотли фуқаро ишламоқда.

Амбулаторияда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун 26 турдаги дори-дармон ва тиббий воситалар мавжуд бўлиб, яроқлилик муддати ўтган тиббий буюмлар ёки дори-дармонлар йўқ. Амбулатория антисептик воситалар билан таъминланган.

Муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга оила аъзолари билан узоқ муддатли учрашувлар учун колониядан алоҳида жойда бешта хонадан иборат ётоқхона мавжуд.

Шунингдек, барча шароитлари билан овқат тайёрлаш учун алоҳида ошхона, ювиниш учун душхона, ҳовлида маҳкумларнинг фарзандлари учун болалар ўйинхонаси ташкил қилинган.

Узоқ муддатли учрашувга чиққан маҳкумлар билан суҳбатлашганда улар яратилган шароитлардан мамнун эканликларини, оила аъзолари телефон орқали маъмуриятни огоҳлантириб келганликлари учун хоналар доим етарли бўлишини маълум қилишди.

Жорий кун манзил-колонияда жазо муддатини ўтаётган маҳкум Х.Р. билан суҳбатлашилганда, 2022 йил 22 март куни ички тартиб қоидаларини бузганлиги сабабли муассаса раҳбарининг буйруғи билан 10 суткага интизомий бўлинмага киритилганлигини, қилмишидан пушаймонлигини ва бетоблиги учун муддатидан олдин интизомий бўлинмадан чиқаришда ёрдам беришликни сўради.

Манзил-колония раҳбарига маҳкумнинг сўрови етказилганда, маҳкум содир этган қилмишидан пушаймонлиги инобатга олиниб муддатидан олдин интизомий бўлинмадан чиқарилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати