Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман назоратидаги мурожаат. Ёшларни қишлоқ хўжалигида банд қилиш учун берилган ер майдонидан ким фойдаланмоқда?
Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (омбудсманга) Бухоро вилояти Қоракўл туманида яшовчи фуқаро Н.Н. томонидан ёшлар бандлигини таъминлаш мақсадида ажратилган ер майдонига экилган ғалла ҳосили ва ундан чиқадиган сомон берилмаганлиги ҳамда такрорий экин учун ер майдони ажратилмаганлиги ҳақида мурожаат келиб тушди.

Мурожаатнинг ўрганилиши натижасида ҳақиқатдан ҳам ушбу фуқарога Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2021 йил 2 февралдаги тегишли  йиғилиш баёнига биноан, қишлоқ хўжалигида ёшлар бандлигини таъминлаш, уларни молиявий қўллаб- қувватлаш, қишлоқ жойларда янги иш ўринларини яратиш мақсадида мурожаатчига иккиламчи ижара шартномаси асосида Қоракўл туманидаги “Наврўз Ботир” фермер хўжалигининг ғалла экилган майдонидан ўн сотих ер майдони ажратилган. Мазкур ер майдонидаги ғалла парвариши билан боғлиқ барча агротехника тадбирлари “Наврўз Ботир” фермер хўжалиги томонидан амалга оширилганлиги сабабли, етиштирилган ғалла ҳосили фермер хўжалиги томонидан йиғиштириб олинган. Лекин, мурожаатчининг улуши ажратиб берилмаган.

Фуқаро Н.Н ўз аризасида “...ҳосилни ололмагач, ерга такрорий экин экмоқчи бўлганимда, менга тегишли майдонга “Наврўз Ботир” фермер хўжалиги томонидан аллақачон экинлар экилгани боис, менга бошқа ер ажратилиши айтилди. Лекин, август ойига қадар ер ажратилгани йўқ” деб ёзган.

Мурожаат Омбудсман назоратига олингач, Вакилнинг прокуратура органларига қилган мурожаатига асосан, фуқаро H.Н.га ўн сотих ер майдонидаги ғалла ҳосилидаги улуши ундириб берилди.

Шунингдек, мурожаатчига аввалги ажратиб берилган ер майдони такрорий экинлар экилган ҳолда қайтарилди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати

Янгиликлар категориялари