Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Сардобадаги манзил-колонияга мониторинг ташрифи амалга оширилди
2022 йил 30 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Сирдарё вилояти бўйича минтақавий вакили Шуҳрат Алимов Ички ишлар вазирлиги ҳузуридаги Жазони ижро этиш департаменти 3-Минтақавий мувофиқлаштириш маркази 39-сон манзил-колониясига мониторинг ташрифини амалга оширди. Мониторингда Ўзбекистон касаба уюшмалари Федерациясининг Сирдарё вилоят Кенгаши меҳнат ҳуқуқи инспектори Ширинхан Умаралиева ҳам иштирок этди.

Мониторинг давомида маҳкумларнинг 35 нафари колониянинг дала ишларига, 15 нафари колония ёрдамчи хўжалиги ишларига жалб этилгани маълум бўлди.

Манзил-колонияда бемор маҳкумлар даволаниши учун амбулатория ташкил этилган, бир нафар эркин ёлланган ўрта-махсус тиббий маълумотли фуқаро ишламоқда. Амбулаторияда биринчи тиббий ёрдам кўрсатиш учун дори-дармон ва тиббий воситалар мавжуд бўлиб, яроқлилик муддати ўтган тиббий буюмлар ёки дори-дармонлар аниқланмади.

Муассасада жазо муддатини ўтаётган маҳкумларга оила аъзолари билан қисқа муддатли учрашувлар учун колонияда 1 хона ажратилган.  

Манзил-колония ётоқхонаси Ўзбекистон Республикаси Жиноят-ижроия кодексининг 84-моддаси 2-қисми белгиланган тўрт ярим квадрат метрдан камроқни ташкил этади (50 та маҳкум 225 квадрат метрни ташкил этувчи битта ётоқхонага жойлаштирилган). Шу боис, колония бошлиғига маҳкумларга белгиланган норма талаблари асосида ётоқхона ажратиш тавсия этилди.

Мониторинг давомида, колониядаги умумий овқатланиш ошхонаси жорий таъмирлангани, ювиниш хоналарининг иссиқ ва совуқ сув билан таъминлангани аниқланди.

Бундан ташқари 2022 йилда манзил колониясида ишлаб чиқариш ҳисобида 20 бош она қўй ва 25 бош қўзилар парваришлаб келинмоқда, ушбу қўйларни парвариш ва боқиш учун 1 та маҳкум бириктирилиб доимий иш билан таъминланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати