Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасида Самарқанд вилоятининг чекка ҳудудларидаги фуқаролар мурожаатлари ўрганилди
Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 10 сентябрдаги “Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонига кўра, Омбудсманнинг устувор вазифаларидан бири сифатида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар мазмун моҳияти билан аҳолини таништириш, шу орқали аҳолининг ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашиш белгиланган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ўз фаолиятида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Чунки, Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар таҳлили сўнгги йилларда аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш борасидаги ислоҳотлардан хабардор этиш зарурлигини кўрсатмоқда. Шунинг учун 2022 йилдан эътиборан республиканинг чекка ҳудудларида маҳаллалар кесимида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини ҳамда давлат томонидан берилаётган имтиёзлардан хабардорлигини оширишга қаратилган "Омбудсман мактаби" лойиҳаси амалга оширилмоқда.

Лойиҳа доирасидаги навбатдаги тадбир жорий йилнинг 7 март куни Самарқанд вилояти, Нарпай тумани 2-секторида жойлашган “Сохибкор” ва “Чархин” МФЙ аҳолиси учун ўтказилди.

Учрашувда иштирок этган масъул идора вакиллари иштирокчиларни фуқаролар бандлигини таъминлаш, мобил хизматлардан фойдаланиш, имтиёзли кредитлар олиш, контракт шартномаси асосида ўқиётган талабалар учун 12% лик даромад солиғини қайтариб олиш тартиблари, пенсия таъминотини ташкил этиш бўйича белгиланган қонун ҳужжатларининг мазмуни билан таништиришди.

Фуқаролар билан бўлган очиқ мулоқотда, Омбудсманга ушбу ҳудуддан юборилаётган мурожаатларда кўтарилаётган масалаларга алоҳида эътибор қаратилди.

Шу куни Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан фуқаролар қабули ўтказилиб, 50 нафарга яқин мурожаатлар қабул қилинди.

Шунингдек, Самарқанд вилояти Соғлиқни сақлаш бошқармаси билан ҳамкорликда тор доирадаги мутахассислар жалб этилган тиббий кўрикда 400 нафардан ортиқ фуқароларга тиббий хизмат кўрсатилди. Кўрик натижалари бўйича 61 нафар фуқарони туман ва вилоят даражасида соғломлаштириш режаси белгилаб олинди. Бундан ташқари ижтимоий ёрдамга муҳтож 10 нафар фуқарога бепул жарроҳлик амалиётини ўтказиш белгиланди.

Тиббий кўрик доирасида аҳолига 41 турдаги 395 дона дори-дармон воситалари ва шифокор хулосаси асосида 42 та кўзойнак бепул равишда берилди.

Адлия бошқармасининг давлат хизматлари ходимлари томонидан 43 нафар фуқарога мобил хизматлар кўрсатилди.

Тадбирга Ўзбекистон Касаба уюшмалар Федерациясининг Самарқанд вилоят кенгаши ва Ижтимоий ҳимоя миллий агентлигининг Самарқанд вилояти бошқармаси ҳам жалб этилиб, 10 нафар “Аёллар дафтари”да турган фуқароларга Хоразм вилоятига 3 кунлик бепул саёҳат учун сертификатлар, апрел ойи учун яна 15 нафар аёллар рўйхати шакллантирилди ҳамда 9 нафар ногиронлиги бор фуқароларга 2 та ногиронлик аравачаси, 4 та ҳасса ва 3 та қўлтиқтаёқлар берилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати