Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Нореал қарздорликни ундирмоқчи бўлган электр ва сув таъминоти корхоналари устидан Омбудсманга шикоят йўлланди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Тошкент вилоятидан фуқаро А.Б. хонадони электр таъминотидан узиб қўйилгани бўйича Янгийўл тумани электр таъминоти корхонаси устидан шикоят қилди.

Мурожаат Омбудсманнинг Тошкент вилоятидаги минтақавий вакили томонидан ўрганилганда, 2023 йилнинг сентябрь ойида мурожаатчи А.Б.нинг отаси ноқонуний равишда электр таъминотига уланганликда айбланиб, туман суди қарорига кўра ундан 18 млн сўмдан ортиқ зарарни ундириш белгилангани маълум бўлди. Лекин, октябрь ойида Тошкент вилоят суди Жиноят ишлари бўйича судлов ҳайъати апелляция инстанциясининг ажрими билан ушбу суд қарори бекор қилинган.

Шундай бўлсада, Янгийўл тумани электр таъминоти корхонаси 2023 йилнинг 2 ноябрь куни қарздорлик важи билан фуқаро А.Б.нинг хонадонини электр таъминотидан узиб қўйган. Фуқаро А.Б. суд қарорининг бекор қилингани ва уйини қайта электр таъминотига улаш бўйича Янгийўл тумани электр таъминоти корхонасига қилган мурожаатлари ижобий натижа бермагач, 2 ойдан сўнг Омбудсманга шикоят йўллаган.

Мурожаат назоратга олиниб, фуқаронинг ҳуқуқларини тиклаш бўйича Электр тармоқлари Тошкент вилояти ҳудудий филиалига мурожаат қилинди.

Натижада фуқаро мурожаати ижобий ҳал этилиб, унинг отаси номидаги қарздорлик ноумид қарздорлик сифатида “электрҳисоб” дастуридан чиқарилди ва мурожаатчи хонадони электр таъминотига уланди.

Омбудсманга қарздорлик ҳақидаги суд қарори бекор қилинган бўлса-да, МЧЖлар томонидан инобатга олинмаётганлик ҳолати бўйича Самарқанддан ҳам шикоят келган.

Фуқаро Р.С. “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиали томонидан унга асоссиз равишда истеъмол қилинган сувдан 7 млн сўм қарздорлик ҳисоблангани ва фуқаролик ишлари бўйича Самарқанд шаҳар суди МЧЖ фойдасига ушбу қарздорликни ундириш бўйича буйруқ чиқарганлиги бўйича мурожаат қилган.

Мазкур мурожаат Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили томонидан жойига чиқиб ўрганилганда, фуқаро Р.С.нинг уйида янги сув ўлчагич асбоби ўрнатилган бўлишига қарамай, ходимлар аввалги ҳисоб рақами бўйича қарздорлик ҳисоблашгани маълум бўлган.

Шундан сўнг, мурожаатчи Р.С. суд буйруғидан норози бўлиб, уни апелляция тартибида судга шикоят киритиб, 1-инстанция суд қарорини бекор қилдирган. Бироқ, ушбу суд қарори ижроси “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиали томонидан бажарилмай келинган.

Ҳолат юзасидан Омбудсман томонидан “O‘zsuvta’minot” АЖ бошқарув раиси номига тақдимнома киритилганидан сўнг нореал қарздорлик бекор қилинган. Шунингдек, “Самарқанд сув таъминоти” МЧЖ Самарқанд шаҳар филиалининг масъулига нисбатан интизомий жазо қўлланилган.

2023 йилда Омбудсманга ижтимоий ҳуқуқлар йўналишида 180 га яқин суд ҳужжатларининг давлат органлари ва ташкилотлари, уларнинг мансабдор шахслари томонидан ижро қилинмаганлиги бўйича мурожаат қилинган. Бу рақамлар Омбудсманга маълум бўлган ҳолатлар холос.

Эслатиб ўтамиз, янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 138-моддасида суд ҳокимиятининг ҳужжатлари барча давлат органлари ва бошқа ташкилотлар, мансабдор шахслар ҳамда фуқаролар учун мажбурий экани белгиланган.

Шундан келиб чиқиб, Омбудсман тегишли ташкилот ва идораларга ушбу конституциявий нормага риоя қилишга мажбур эканликларини яна бир бор эслатади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати