Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсман аралашуви билан Мурувват уйидаги ногиронлиги бўлган аёлларга шахсини тасдиқловчи ҳужжат берилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)га Бухоро Мурувват ногиронлиги бўлган шахслар учун аёллар интернат уйида яшаб келаётган бир гуруҳ аёллар шахсини тасдиқловчи ҳужжатини расмийлаштирилишида ёрдам сўраб мурожаат қилган эди.

Аниқланишича, қарийб 35 йилдан буён ушбу муассасада истиқомат қилаётган 5 нафар ногиронлиги бўлган аёлларнинг на туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаси ва на шахсини тасдиқловчи ҳужжатлари бўлмаган. Улар 1995 йилларда тиббий варақа орқали Мурувват уйига қабул қилинган. Мурожаатчилар шу кунга қадар шахсини тасдиқловчи ҳужжат олиш масаласи бир неча маротаба кўтарилган бўлсада ижобий натижа бўлмаётганлигини маълум қилишган.

Мазкур масала Омбудсман назоратига олиниб, унинг Бухородаги минтақавий вакили Абира Ҳусейнова томонидан ўрганилди. 6 ойлик ўрганишлардан сўнг, ФҲДЁ органлари ушбу аёлларнинг туғилганлик фактини белгилаш учун ҳужжатлар етарли бўлмаганлиги сабаб шахсни тасдиқловчи ҳужжат бериш масаласини кўриб чиқишни рад этди. Шундан сўнг, ногиронлиги сабаб уларнинг лаёқатсизлиги ҳисобга олиниб Омбудсман томонидан  фуқароликни белгилашни сўраб фуқаролик ишлари бўйича Бухоро туманлараро судига ариза киритилди.

Мазкур масала Мурувват уйида сайёр суд мажлисида кўриб чиқилди. Суд томонидан 5 нафар фуқаро манфаатида киритилган Омбудсман аризаси тўлиқ қаноатлантирилди.

Барча тегишли ҳужжатлар асосида фуқароларга ID карталар расмийлаштирилди ва эгаларига топширилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати