Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
10 нафар ходимга ноқулай меҳнат шароитларда ишлагани ва иш юкламасидан ташқари қўшимча иш бажаргани учун 67 млн сўм ундирилди - Омбудсман
Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Андижон вилоятидаги минтақавий вакили Гулнора Абдувоҳидовага вилоятдаги Механика шўба корхонасининг 10 нафар ишчиси мурожаат қилиб, меҳнат ҳуқуқлари бузилаётганлигини маълум қилишган.

15 йилдан буён ушбу корхонада ишлаб келаётган ишчиларнинг ёзишича, у ерда ишчиларга қулай меҳнат шароитлари яратилмаган. Шунингдек, 2022 йил давомида ходимларга иш ҳаққи тўлаш учун ҳисобланган коэффициентлар тўлиқ тўланмаган. Мурожаатчилар қолиб кетган иш ҳақларини олишда ҳамда корхона билан тузилган шартноманинг қонун ҳужжатларига мувофиқлигини кўриб чиқишда ёрдам сўрашган.

Омбудсман минтақавий вакили мурожаатни назоратига олиб, Андижон шаҳар Давлат меҳнат назорати инспекцияси ходимлари билан ўрганганида корхонанинг иш ўринлари аттестациядан ўтказилмаганлиги ва ходимларга ноқулай ва зарарли иш ўринларида ишлаганликлари учун 2021-2023 йилларда кам миқдорда иш ҳақлари тўлаб келганлиги маълум бўлди.

Шунингдек, меҳнат қонунчилигига кўра, ходимга қўшимча вазифа юклатилганда ва хизмат кўрсатиш зонаси кенгайтирилганда қўшимча иш ҳақлари тўланиши белгиланган бўлишига қарамай, 10 нафар ишчига темир ва кўмирлар ташишдаги қўшимча ишларни бажаргани учун 2022 йилдан ҳозирга қадар  67 млн сўм кам иш ҳақлари тўланганлиги аниқланди.

Натижада ҳар бир мурожаатчига 6,7 млн сўмдан иш ҳақлари тўлаб берилди.

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати