Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Омбудсман мактаби” лойиҳаси доирасидаги тадбирлар Хоразм вилоятининг чекка ҳудудида ўтказилди
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўз фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга алоҳида эътибор қаратмоқда. Жорий йилдан буён амалга оширилаётган “Омбудсман мактаби” лойиҳаси орқали кўплаб юртдошлар аҳолининг ижтимоий ҳимоясини мустаҳкамлаш, яшаш шароитларини яхшилаш, фуқароларга яратилган имконият ва имтиёзлардан фуқаролар хабардорлиги оширилмоқда.

Жумладан, 2022 йилнинг 18 ноябрь куни Хоразм вилоятининг Гурлан тумани 9-сон мусиқа мактабида “Омбудсман мактаби” тадбирлари ўтказилиб, унда 150 нафардан ортиқ фуқаролар иштирок этишди.

“Аҳолини ижтимоий ҳимоя қилиш ва қўллаб-қувватлашда давлат органлари ва ташкилотларининг ўрни” мавзусига бағишланган тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили, Хоразм вилояти ҳокимияти, Хоразм вилояти Адлия бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Тиббий-ижтимоий хизматларни ривожлантириш агентлигининг Хоразм вилояти бошқармаси, Хоразм вилояти уй-жой коммунал хизмат кўрсатиш бошқармаси, Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги бюджетдан ташқари Пенсия жамғармаси Хоразм вилояти бошқармаси вакиллари иштирок этишди.

Тадбирда дастлаб, янги таҳрирда қабул қилинган Ўзбекистон Республикаси Меҳнат кодексининг фуқаролар меҳнат ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва меҳнатини муҳофаза қилишдаги аҳамияти ҳақида тушунча берилди. Таъкидланишича, янги таҳрирда меҳнатга оид муносабатлар асосий тамойиллари сифатида меҳнат ҳуқуқларининг тенглиги, меҳнат ва машғулотлар соҳасида камситишни тақиқлаш, меҳнат эркинлиги ва мажбурий меҳнатни тақиқлаш, меҳнат соҳасидаги ижтимоий шериклик, меҳнат ҳуқуқлари таъминланишининг ва меҳнат мажбуриятлари бажарилишининг кафолатланганлиги ва ходимнинг ҳуқуқий ҳолати ёмонлашишига йўл қўйилмаслиги белгиланди.

Шунингдек, “Омбудсман мактаби” тадбирида соғлиқни сақлаш тизимида олиб борилаётган туб ислоҳотлар, хусусан кексалар, ногиронлиги бўлган шахслар ва аҳолининг ижтимоий ҳимояга муҳтож бошқа тоифаларига тиббий-ижтимоий хизмат кўрсатиш бўйича амалга оширилаётган ишлар, фуқароларнинг давлат пенсия таъминотини ташкил этишда, фуқароларга пенсиялар, ижтимоий нафақалар, компенсация ва бошқа тўловларни тайинлашда қабул қилинган қонун ва қонуности ҳужжатларининг мазмун-моҳияти ва аҳамияти ҳақида маълумотлар берилди.

Тадбирда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Одилбек Оллаёров ҳам сўз олиб, аҳоли мурожаатлари билан ишлаш борасидаги фаолиятига тўхталиб ўтар экан, “Омбудсман мактаби” тадбирининг нега айнан Гурлан туманида ўтказилганига урғу берди. Хоразм вилоятининг энг чекка ҳудудларидан келиб тушган мурожаатлар таҳлили ҳақида маълумот берди.

Тадбир доирасида сайёр қабул ташкиллаштирилди ва 17 нафар фуқароларга ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. 2 нафар фуқаронинг уй-жой масаласи бўйича аризаси қабул қилиниб, ижрога қаратилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати