Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Андижондаги 3-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди
2022 йил 14 ноябрь куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (омбудсманнинг) Андижон вилоятидаги минтақавий вакили томонидан 3-сон тергов ҳибсхонасига мониторинг ташрифи амалга оширилди.

1917 йилда қурилган ҳибсхонада спорт майдончаси, ошхона, 1 та фуқароларни қабул қилиш хонаси, 3 та адвокатлар хонаси, 2 та терговчилар хонаси мавжуд.

Ташриф давомида дастлаб, ҳибсхонада сақланаётган махсус контингент учун иссиқ овқат тайёрлаш учун мўлжалланган “Маҳкумлар ошхонаси” кўздан кечирилди. Ошхонада овқат тайёрлаш жараёни, маҳбусларга берилаётган озиқ-овқат маҳсулотларининг қонунчиликда белгиланган меъёрлар талабларига мос келиши, санитария-гигиена қоидаларига амал қилиниши ўрганилди. Шунингдек, ошхонада ишлаётган ҳибсхонада хўжалик ишларини бажариш учун қолдирилган маҳкумлар билан сухбатлашиб, уларнинг ўзлари, кийим-кечаклари, ошхонада ишлаш учун берилган махсус кийимларининг озодалиги, овқатларни тарқатиш жараёни ва тартиби билан танишиб чиқилди. Маҳбусларга кўрсатилаётган тиббий, психологик ёрдам ва оила аъзолари билан учрашиш учун шароитлар яратилган.

Текширув кунида ҳибсхонада жами 2 нафар вояга етмаганлар сақланётган бўлиб, улар сақланаётган камера ҳолати ўрганилди. Маҳбуслар ўзларига яратилган шароитлар яхшилиги, ҳибсхона ходимлари томонидан таъзийқлар йўқлигини маълум қилишди.

Шундан сўнг, хотин-қизлар сақланаётган камераларга танлов асосида кирилиб, улар билан шарт-шароитлар, муаммо ва таклифлари бўйича суҳбатлашилди.

Шунингдек, тартибот биноларига ўрнатилган 3 та “Омбудсман қутилари” ўрганилди. Муҳрланган қутилар маҳкум ва маҳбусларнинг доимий қатнов йўлагида, кўринарли жойга қўйилган.

Маҳкумлар кутубхонасида жами 2000 дан зиёд бадиий, диний, ҳуқуқий фантастик ва бошқа турдаги адабиётлар, газета ва журналлар жамланган, маҳбуслар шахсий вақтларида кутубхонадан фойдаланишлари йўлга қўйилган.

Ташриф давомида ҳибсхонада маҳкумларни яқин қариндошлари билан учрашишлари учун “Узоқ муддатли учрашув хонаси”нинг қурилиш ишлари бошланган.

Ҳибсхонада хизмат олиб бораётган шахсий таркиб билан ўтказилган суҳбатда ходимларга маҳбус ва маҳкумлар билан Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларида белгиланган тартибда муомала қилиш, уларнинг ҳуқуқларини поймол қилмаслик, муомала маданиятига риоя қилиш кераклиги таъкидлаб ўтилди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати