Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I-форуми бўйича халқаро экспертлар фикри
Хабарингиз бор, 2022 йилнинг 28 июнь куни “Ўзбекистон” халқаро анжуманлар саройида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси, USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти (PRI) ташкилотлари билан ҳамкорликда Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I-Форуми ўтказилган эди. Мазкур форум “Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлашдаги ҳамкорлиги” мавзусига бағишланди.

Ўзбекистон Республикасининг ташқи сиёсатида Марказий Осиё давлатлари билан ҳамкорлик қилиш масаласи устувор вазифа сифатида белгиланган.

Қайд этиш лозимки, Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг илк Форуми айнан Ўзбекистонда ўтказилди. Бундан буён ҳам инсон ҳуқуқларининг таъминланишида тажриба алмашиш майдони бўлган мазкур Форум Марказий Осиё давлатларида анъанавий равишда ҳар йили ташкил этилиши режалаштирилган.

Форумда БМТнинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси координатори Астхана Роли Омбудсманнинг давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига оид қонун ҳужжатларига риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлашда ваколатга эга эканлиги, барқарор ривожланиш мақсадларига  эришишда ўрни катта эканлигига эътиборни қаратди.

USAIDнинг Ўзбекистондаги миссияси директори Микаэла Мередит ушбу Форумда Марказий Осиёнинг беш давлати Омбудсманлари минтақада инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишга қаратилган иккита муҳим ҳужжат қабул қилинганлигини олқишлашини билдирди.

Хусусан, имзоланган икки томонлама меморандумлар ҳамда форум якунида қабул қилинган Тошкент Декларацияси Ўзбекистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Туркманистоннинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш, қийноқларнинг олдини олиш чораларини кўриш ва минтақа фуқаролари орасида инсон ҳуқуқлари тўғрисида ҳуқуқий хабардорликни оширишга ҳисса қўшишига ишончи комил эканлигини қайд этди.

Инсон ҳуқуқлари ўз-ўзидан таъминланиб қолмайди. Буни Омбудсман институтлари амалда кўрсатмоқда.- деди ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори в.б. Ханс-Ульрих Им. Қолаверса, минтақада тинчлик ва осойишталикни таъминлашда Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлиги муҳим аҳамиятга эга. Ҳар бир мамлакат нодир тажрибага эга. Ушбу форумнинг айнан Ўзбекистонда  ўтказилаётгани ҳам бежизга эмас. Чунки сўнги йилларда Ўзбекистонда инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар бошқа давлатлар учун ҳам қизиқ. 

Қолаверса, ҳозирда Ўзбекистонда конституциявий ислоҳотлар жараёни бошланган ва бу муҳим сиёсий жараёнда энг аввало, инсон ҳуқуқларининг кафолатланиши, амалга оширилиши ва ҳимояланишига асосий эътибор қаратилмоқда. Шу билан бирга Омбудсман институтининг ҳуқуқлари кенгайтирилаётганлиги албатта Ўзбекистоннинг демократик ривожланиши йўлида хизмат қилади.

Ўзбекистонда аёллар ва болаларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш, шунингдек уларга яратилаётган имконият ва преференциялар борасида олиб борилаётган давлат сиёсатига юқори баҳо бериш мумкин. Бу борадаги Ўзбекистон тажрибаси бошқа давлатлар учун намуна бўлиши керак. –деди Қозоғистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Эльвира Азимова

Шунингдек, Қозоғистон Омбудсмани БМТнинг қийноқларга қарши Конвенцияга факультатив протоколи Ўзбекистон томонидан ратификация қилинмаган бўлсада, унда кўрсатилган талаблар Ўзбекистонда амалга оширилаётган ислоҳотларда акс этаётгани алоҳида эътирофга сазоворлигини таъкидлади.

Қирғизистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили А.б.Абдрахматова форум иштирокчиларига Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг I-Форумини юқори баҳолаб, унинг доирасида амалга оширилаётган ишларнинг мантиқий давоми сифатида Омбудсманларнинг минтақавий даражадаги ҳамкорлигини мустаҳкамлашга, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг ривожланиши ва халқаро миқёсда тан олинишига хизмат қиладиган “Инсон ҳуқуқлари бўйича минтақавий институт”ни яратишни таклиф қилди.

Туркманистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича ваколатли вакили – Омбудсмен Яздурсун Гурбанназарова иштирокчилар эътиборини Париж тамойилларига қаратди. Ушбу халқаро ҳужжатда инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш борасида ўзаро тажриба алмашиши, ҳамкорликни мустаҳкамлаши кераклиги белгиланган. Шу жиҳатдан мазкур Форум барча Марказий Осиё Омбудсманлари хусусан Туркманистон учун жуда муҳим аҳамиятга эга. Қолаверса, Форум доирасида имзоланган икки томонлама меморандумлар ҳамда Тошкент декларациясида назарда тутилган чора-тадбирлар Омбудсманлар фаолияти самарадорлигини оширишга хизмат қилади.

Форумда онлайн тарзда иштирок этган Тожикистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозоданинг сўзларига кўра,бугун дунёдаги ижтимоий сиёсий ўзгаришлар халқларни синовдан ўтказаётганлиги, шундай жараёнларда инсон ҳуқуқларини таъминлашда Омбудсман институтларининг ўрни жуда муҳим. Ушбу платформа барчамизга ўзига хос тажрибага эга бўлишимизга кўмак беради.Форум доирасида имзоланган меморандум доирасида мана шу тажрибаларни улашиш ва Марказий Осиё давлатлари Омбудсманларининг илғор тажрибаларини ўрганиш имконияти яратилганидан ғоят мамнунман.- деди Тожикистон Омбудсмани.

Форумда бошқа минтақалардан фарқли ўлароқ, Марказий Осиёда инсон ҳуқуқлари бўйича аниқ минтақавий маслаҳат платформаси мавжуд эмаслиги, мазкур Форум эса Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари учун янги маслаҳатлашув платформаси бўлиб хизмат қилиши таъкидланди.

Форумда жазони ижро этиш муассасаларидаги шахсларнинг сақлаш шароитлари, меҳнат қилиши, уларга тиббий ёрдам кўрсатиш ҳолати ва сифати, олиб борилаётган маънавий-маърифий ишлар ҳамда таълим-тарбия ва бошқа ҳолатларни миллий превентив механизм доирасида ўрганишдаги масалалар юзасидан фикр алмашилди.

Форум доирасида Марказий Осиё давлатлари Омбудсманлари ўртасида икки томонлама меморандумлар имзоланди. Шунингдек, халқаро тадбир якунида инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилишдаги ўрни ва аҳамияти бўйича давомли мунозаралар натижасида Тошкент декларацияси қабул қилинди.