Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
“Болалар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 14-15 декабрь кунлари Болалар Омбудсмани, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Бош прокуратура ҳамда ЕХҲТ ҳамкорлигида “Болалар ва ёшлар ўртасида жиноятчиликнинг олдини олиш” мавзусига бағишланган давра суҳбати бўлиб ўтди.

Давра суҳбатида Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси миллий Маркази директори, академик Акмал Саидов, ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Пъер фон Аркс, Бош прокурор ўринбосари Светлана Ортиқова, Болалар Омбудсмани Алия Юнусова, Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирлиги, Жаҳон иқтисодиёти ва дипломатия университети ҳузуридаги Юридик клиника, “Камалак” болалар ташкилоти, Замонавий журналистикани ривожлантириш маркази, Нодавлат нотижорат ташкилотлар, ЕХҲТ тузилмалари, халқаро ташкилот вакиллари эштирок этди.

Тадбирда қайд этилишича, “2021-2022 йилларда Ўзбекистонда ЕХҲТ лойиҳаларини амалга ошириш бўйича амалий чора-тадбирлар режаси (Йўл харитаси)” доирасида ҳамкорликда бир қанча амалий ишлар амалга оширилиб келинмоқда.

“Болалар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишга кўмаклашиш” лойиҳаси шулардан бири бўлиб, унинг асосий мақсади болалар ва ёшлар ўртасида салбий ҳодисалар ва ҳуқуқбузарликларнинг профилактикаси, болалар ва ёшларда кучли ижтимоий шахсни шакллантириш ва хавф омилларига бардош бера оладиган ҳаётий позицияни шакллантиришга кўмаклашишдан иборатдир.

Давра суҳбати иштирокчилари таъкидлашдики, болалар ва ёшларни салбий ҳодисалар ва ҳуқуқбузарликларга нисбатан муносабатини ўзгартириш ҳамда уларнинг хатти-ҳаракатлари учун шахсий жавобгарлигини шакллантириш муҳим. Профилактика марказида ёшлар ва Вояга етмаганларнинг шахсияти, уларнинг таълим олиши, оилавий муҳити, бўш вақти, шу жумладан улар билан боғлиқ микроижтимоий муҳит бўлиши керак.

Болалар ва ёшларни салбий ҳодисалар ва ҳуқуқбузарликлардан самарали профилактика қилишда ўсмирлар ва болалар ҳаёти учун махсус ахборот ва маданий маконни шакллантириш, ёшлар сиёсати мутахассислари ва жамоатчилик учун ахборот-таҳлилий материаллар, амалий тавсиялар (плакатлар, календарлар, буклетлар) нашр этиш, ёшлар аудиториясига жамият томонидан рағбатлантирилаётган хулқ-атвор шакллари ва ёш шахсни ривожлантириш имкониятлари тўғрисида маълумот узатиш, ёшлар ўзларининг ёшга боғлиқ мотивлари ва эҳтиёжларини (мулоқот, ўзини ўзи тасдиқлаш, ўзини-ўзи англаш зарурати) амалга ошириши мумкин бўлган дастурларни ишлаб чиқиш, ўсмирлар ва болаларни ривожлантириш ва қўллаб-қувватлаш имкониятлари, қийин ҳаётий вазиятларда ёрдам олиш усуллари тўғрисидаги барқарор жамоатчилик фикри шакллантириш зарур.

Давра суҳбати семинар шаклида давом эттирилди. Унда халқаро ва миллий экспертлар “Вояга етмаганлар терроризмда гумонланувчилар сифатида, жамоат хавфсизлигига ёндашув, вояга етмаганларга нисбатан жиноий одил судлов масалалари, реинтеграция ва ҳар доим боланинг манфаатларини кўзлаб ҳаракат қилиш”, “Қуролли можоро ҳудудлардан қайтган болаларнинг реинтеграцияси”, “Вояга етмаганлар одил судлови, болалар ва ёшлар ўртасида зўравонлик экстремизмининг олдини олиш”, “Болалар ва ёшлар ўртасида ҳуқуқбузарликларнинг олдини олишда давлат ташкилотлари ва бизнес ҳамжамиятлари ҳамкорлиги”, “COVID-19 пандемияси даврида Вояга етмаганлар ҳуқуқларини таъминлаш, болалар ва ёшлар учун онлайн хавфлар”, “ЕХҲТ ҳудудида ёшлар ўртасида тинчлик ва хавфсизликни таъминлаш”, “Болалар ва ёшларни интернет тармоғи орқали жиноий ҳаракатларга жалб этилишининг олдини олиш мақсадида ёшларнинг медиа ахборот саводхонлигини ошириш” мавзулари бўйича тажриба алмашилди.

Янгиликлар категориялари