Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар Омбудсмани тўғрисидаги қонун лойиҳаси жамоатчилик муҳокамаси учун эълон қилинди
«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани)тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонуни лойиҳаси жамоатчилик муҳокамасига қўйилди.

Мазкур қонун лойиҳаси ишлаб чиқилишининг зарурати қуйидагилардан иборат:

Миллий қонучилигимизда бола ҳуқуқлари билан боғлиқ бўлган қонун ҳужжатлари сони 40 дан, қонуности ҳужжатлари сони 500 дан ортиқни ташкил этади. Бу эса ўз навбатида, бола ҳуқуқлари соҳисидаги қонунчилик билан ихтисослашган ҳолда иш олиб бориш ҳамда унинг ижроси бўйича таъсирчан механизмларни яратиш заруриятини юзага келтирди.

Қонун лойиҳасининг асосий ғояси – бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш ҳисобланади.

Қонун лойиҳасининг мақсади – бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг қонуний асосларини мустаҳкамлашдан иборат.

Қонун лойиҳасининг предмети – бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти билан боғлиқ муносабатлар ҳамда унинг ҳуқуқий асослари.

Қонун лойиҳаси 7 та боб ва 44 та моддадан иборат.

Қонун лойиҳасининг қабул қилиниши натижасида:

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти қонун билан тартибга солинади;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилишнинг амалдаги тизими такомиллашади;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш ва ҳимоя қилиш бўйича парламент назоратининг ташкилий-ҳуқуқий асослари кучайтирилади;

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлигининг ҳуқуқий асослари такомиллашади;

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқлари, мажбуриятлари ҳамда ҳисобдорлиги қонун билан белгиланади.

Ҳурматли юртдошлар! Сизларни мазкур қонуннинг жамоатчилик муҳокамасида фаол иштирок этишга чақирамиз.

Қуйида қонун лойиҳасининг тўлиқ матни билан танишишингиз мумкин,

Таклифларингизни эса ушбу ҳавола орқали кутиб қоламиз.     

ТАКЛИФ ЮБОРИШ

 

 

Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг

Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) тўғрисида

Қонунчилик палатаси томонидан _________________ қабул қилинган

 

1-боб. Умумий қоидалар

1-модда. Ушбу Қонуннинг мақсади

Ушбу Қонуннинг мақсади Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Болалар омбудсманининг) ҳуқуқларини, мажбуриятларини, фаолиятининг асосий йўналишлари ва кафолатларини белгилашдан ҳамда фаолиятини тартибга солишдан иборат.

 2-модда. Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиснинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани)

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакили (болалар омбудсмани) (бундан буён матнда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил деб юритилади) мансабдор шахс бўлиб, унга давлат органлари, шу жумладан ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва назорат қилувчи органлар, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар (бундан буён матнда ташкилотлар ва мансабдор шахслар деб юритилади) томонидан бола ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили институтини, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг мавжуд шаклларини ҳамда воситаларини тўлдиради. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари тўғрисидаги қонунчилигини такомиллаштириш ва уларни халқаро ҳуқуқ нормаларига мувофиқлаштиришга, халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга хизмат қилади, фуқароларнинг бола ҳуқуқлари соҳасидаги ҳуқуқий маданиятини оширишга кўмаклашади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз ваколатларини мустақил ҳамда давлат органлари ва мансабдор шахсларга тобе бўлмаган тарзда амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси томонидан бериладиган гувоҳнома бўлади ва ундан ўз ваколатлари муддати мобайнида фойдаланади.

 3-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг ҳуқуқий асослари 

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятида Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси, қонунлари, бошқа қонунчилик ҳужжатларига, Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларига, шунингдек халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига амал қилади.

 4-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига номзодга қўйиладиган талаблар

 Сайланиш куни йигирма беш ёшга тўлган, камида беш йил Ўзбекистон Республикаси ҳудудида муқим яшаётган Ўзбекистон Республикасининг фуқароси Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига сайланиши мумкин.

 5-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни сайлаш

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ва Сенати томонидан беш йил муддатга сайланади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан киритилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни сайлаш тўғрисидаги қарори палаталарнинг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин бу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор Ўзбекистон Республикаси Президентига қонунда белгиланган тартибда юборилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг ваколатлари муддати тугагач, янги Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сайлангунига қадар ўз вазифасини бажаришни давом эттириб туради.

 6-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимдан қуйидаги ҳолларда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан муддатидан илгари озод қилиниши мумкин:

у ўз ваколатларини зиммасидан соқит қилиш тўғрисида ариза берган тақдирда;

унинг соғлиғи ҳолати барқарор тарзда бузилган ва бу тиббиёт муассасаси томонидан берилган гувоҳнома билан тасдиқланган тақдирда;

унга нисбатан суднинг айблов ҳукми қонуний кучга кирган тақдирда;

у қонунга кўра Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятига номувофиқ бўлган лавозимга сайланган ёки тайинланган тақдирда;

у ўз мажбуриятларини мунтазам равишда, узрли сабабларсиз бажармаган тақдирда;

у суднинг қонуний кучга кирган қарори асосида бедарак йўқолган деб топилган ёхуд вафот этган деб эълон қилинган тақдирда;

у Ўзбекистон Республикаси фуқаролигини йўқотган тақдирда;

у вафот этган тақдирда;

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими тугатилган тақдирда.

7-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозимига номувофиқ бўлган фаолият

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сиёсий партияга аъзоликни ёки унда иштирок этишни ўз ваколатлари муддатига тўхтатиб туриши ёхуд тугатиши шарт. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил илмий ва педагогик фаолиятдан ташқари ҳақ тўланадиган бошқа турдаги фаолият билан шуғулланиши мумкин эмас.

 8-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқлари, шаъни ҳамда қадр-қимматини муҳофаза қилиш

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўз ваколатларини монеликсиз ҳамда самарали амалга ошириши учун шарт-шароит кафолатланади, унинг ҳуқуқлари, шаъни ва қадр-қиммати муҳофаза қилинади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг шаъни ва қадр-қимматига тажовуз қилган шахслар қонунга мувофиқ маъмурий, жиноий ёки ўзга тарзда жавобгар бўладилар. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни ҳақорат қилиш, шунингдек унга нисбатан туҳмат қилиш қонунда белгиланган жавобгарликка сабаб бўлади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакиллик ваколатларини амалга оширишига тўсқинлик қилиш мақсадида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга қанақа тарзда бўлмасин таъсир кўрсатишга йўл қўйилмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил олдидаги ўз вазифаларини бажармайдиган, унинг ишига тўсқинлик қиладиган, била туриб унга ёлғон ахборот берадиган, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг кафолатларини бузадиган мансабдор шахслар қонунчиликка мувофиқ жавобгар бўладилар.

 9-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосари

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари томонидан сайланадиган ўринбосари бўлади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосари лавозимига номзод Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари кўриб чиқиши учун Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тақдим этилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосарини сайлаш тўғрисидаги қарори палаталарнинг мажлисларида Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси депутатлари ҳамда Сенати аъзолари умумий сонининг кўпчилик овози билан қабул қилинади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосари номзоди Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида кўриб чиқилганидан кейин бу масала юзасидан қабул қилинган узил-кесил қарор Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга қонунда белгиланган тартибда юборилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз лавозимидан муддатидан илгари озод қилинган тақдирда, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосари унинг вазифасини янги Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сайлангунига қадар бажариб туради ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил учун белгиланган кафолатлар ана шу даврда унга нисбатан татбиқ этилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўринбосарини лавозимидан муддатидан илгари озод қилиш Қонуннинг 6-моддасида белгиланган тартибда ва ҳолларда амалга оширилади.

 2-боб. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари, ҳуқуқлари ва мажбуриятлари

 10-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонунуий манфаатларига оид давлат сиёсатини амалга оширишда иштирок этиш;

Бирлашган Миллатлар Ташкилотининг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциясини бажариш стратегиясини ва бола ҳуқуқлари масалалари бўйича бошқа ҳужжатларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда иштирок этиш;

болалар ва уларнинг қонуний вакиллари ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига оид қонунчиликни тушунтириш тушунтириш;

бола ҳуқуқлари ва Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти ҳақидаги халқаро ҳамда миллий нормалар қоидаларини тарғиб қилиш;

аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари масалалари бўйича ҳуқуқий онг ва ҳуқуқий маданиятни оширишга кўмаклашиш;

жисмоний ва юридик шахслар, шу жумладан, болалар ҳамда улар қонуний вакилларининг бола ҳуқуқлари ва манфаатлари бузилиши тўғрисидаги мурожаатларини кўриб чиқиш орқали боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш кафолатларини таъминлаш;

бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисидаги қонунчилик нормалари ва талабларининг ижросини ўрганиш;

ўз ваколати доирасида бола ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро стандартларни қонунчиликка татбиқ этиш масалаларини ўрганиш;

ташкилотлар ва мансабдор шахслар фаолиятида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминланишини ҳамда ҳимоя қилинишини мониторинг қилиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя қилиш ва уларни ҳимоя қилиш ҳолатидан жамоатчиликни хабардор қилиш;

имконияти чекланган болалар, шунингдек, етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болалар тарбия муассасаларини тамомлагандан кейин уларнинг ижтимоий мослашувига кўмаклашиш;

тарбия муассасаларини тамомлаган уй-жойга муҳтож етим болалар ва ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг мақсадли коммунал уй-жой фондидаги белгиланган санитария ва техник меъёрларга ҳамда қонунчиликининг бошқа талабларига жавоб берадиган турар-жой билан таъминланишига кўмаклашиш;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликни такомиллаштиришга кўмаклашиш, бунда боланинг энг устун манфаатларини таъминлашга қаратилган нормаларни қабул қилиш, шу жумладан, бола ҳуқуқлари ва эркинликлари масалалари бўйича халқаро ҳужжатларни ратификация қилиш тўғрисида таклифлар киритиш;

маслаҳат, тавсия ва хулосалар бериш орқали давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамияти бошқа институтларининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятини такомиллаштиришга кўмаклашиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантириш.

 11-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг дахлсизлик ҳуқуқи

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил дахлсизлик ҳуқуқидан фойдаланади ва у Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг розилигисиз жиноий жавобгарликка тортилиши, ушлаб турилиши, қамоққа олиниши ёки суд тартибида бериладиган маъмурий жазога тортилиши мумкин эмас.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга нисбатан жиноят иши фақат Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори томонидан қўзғатилиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни мажбурий келтиришга, ушлаб туришга, шунингдек унинг шахсий буюмлари, юки, транспорти, турар жойи ва хизмат хонасини кўздан кечиришга йўл қўйилмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилни дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонучилик палатаси депутатини ва Сенати аъзосини дахлсизлик ҳуқуқидан маҳрум қилиш тартиби асосида амалга оширилади.

 12-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳуқуқлари

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга:

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига оид қонунчиликнинг ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан ижро этилишини ўрганиш;

давлат органлари ва ташкилотларидан ўз ваколатига кирадиган масалалар юзасидан статистик, таҳлилий ва бошқа ахборотларни ҳамда материалларни сўраб олиш;

давлат органларининг маълумотлар базаларидан белгиланган тартибда фойдаланиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилган ҳолатлар ҳақидаги хабарларни ваколатли давлат органлари, мансабдор шахслар ва нодавлат ташкилотлар вакиллари билан биргаликда текшириш;

бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталари ва Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиш;

Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиш ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш;

Ўзбекистон Республикасининг Олий суди Пленуми мажлисларида иштирок этиш;

Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисларида кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига масалалар киритиш;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида тегишли масалаларни кўриб чиқишда иштирок этиш ҳамда улар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилиш;

бола ҳуқуқлари соҳасидаги вазиятни мониторинг қилиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бўйича мурожаатларни кўриб чиқиш;

ташкилотлар ва мансабдор шахсларга бола ҳуқуқлари соҳасидаги қонунчилик ҳужжатлари бузилиши, уларни келтириб чиқарувчи сабаб ва шарт-шароитларни бартараф этиш бўйича кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ҳаракат ёки ҳаракатсизлигида бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома киритиш;

қонунда назарда тутилган ҳолларда боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги аризалар ва даъволар билан судларга мурожаат қилиш;

боланинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш ҳамда тиклаш мақсадида суд жараёнларида қонунда белгиланган ҳоллар ва шаклларда шахсан ёки ўз вакили орқали иштирок этиш;

аҳоли ўртасида бола ҳуқуқлари билан боғлиқ масалалар бўйича сўровномалар ўтказиш,

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари таъминланиши тўғрисида статистик маълумотлар йиғиш ва маълумотлар базасини шакллантириш;

бола ҳуқуқлари масалалари бўйича ўқув дастурлари тайёрлашда иштирок этиш;

бола ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг долзарб жиҳатлари юзасидан тадбирлар ташкил қилиш;

бола ҳуқуқларини ҳимоя қилишга доир эксперт ва илмий-таҳлилий ишларни амалга ошириш учун илмий ва бошқа ташкилотларни, олимлар ва мутахассисларни белгиланган тартибда, шу жумладан, шартнома асосида жалб қилиш;

болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан, таълим, тиббиёт муассасалари, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига монеликсиз кириш;

Ўзбекистон фуқароси ҳисобланган ва хорижий давлат ҳудудида бўлган боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш учун ўзаро ҳуқуқий ёрдам тўғрисидаги келишувларга ва бошқа шартномаларга мувофиқ хорижий давлатларнинг ҳуқуқни муҳофаза қилувчи ва суд органларига ҳамда омбудсманларига сўровномалар юбориш;

ўз ваколатлари доирасида халқаро ташкилотлар билан алоқалар ўрнатиш, уларнинг аъзолигига кириш, шунингдек, хорижий давлатлар омбудсманлари билан ҳамкорлик қилиш;

инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар ва бошқа ташкилотлар билан ўзаро англашув ва ҳамкорлик тўғрисида меморандум, келишувлар тузиш, қўшма дастурлар ва лойиҳаларни амалга ошириш;

бола ҳуқуқлари масалалари юзасидан тадбирларда, шу жумладан халқаро тадбирларда иштирок этиш.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши мумкин.

 13-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг мажбуриятлари

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятини амалга оширишда:

Ўзбекистон Республикасининг Конституцияси ва қонунларига риоя этиши, ўз зиммасига юклатилган вазифаларни бажариши;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиши;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш чораларини кўриши;

боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига тааллуқли масалаларни ҳал қилишда боланинг фикрини, унинг ёшидан қатъи назар, кўриб чиқиши ҳамда боланинг энг устун манфаатларидан келиб чиққан ҳолда қарорлар қабул қилиши;

ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг ўз ваколатлари доирасида амалга оширилаётган фаолиятига аралашмаслиги;

ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг фаолиятига тўсиқларни вужудга келтирмаслиги;

болалар ҳақида ғамхўрлик қилиш ва уларни ҳимоя қилиш учун масъул бўлган муассасалар, хизматлар, органларга, шу жумладан, таълим, тиббиёт муассасалари, ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасалари, қамоқда сақлаш жойлари ва жазони ижро этиш муассасаларига мунтазам равишда кириши;

давлат сирларини ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи маълумотларни муҳофаза қилиш тўғрисидаги қонунчиликнинг талабларига риоя этиши;

вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги сабабли уларнинг мурожаатларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўймаслиги;

арз қилувчиларни шикоятларни кўриб чиқиш натижалари тўғрисида хабардор этиши шарт.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг зиммасида қонунчиликка мувофиқ бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

14-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ҳисобдорлиги

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисига ҳисобдордир.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳар йили эшитилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 1 мартидан кечиктирмай, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ўз фаолияти тўғрисида ҳисобот ҳамда боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маъруза тақдим этади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатасининг ва Сенатининг мажлисларида эшитиш қонунчиликка мувофиқ амалга оширилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисобот Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасидаги фракциялар ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталари томонидан дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлар қабул қилади, қарорлар Вакилга юборилади.

 3-боб. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолияти

 15-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг асосий принциплари

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг асосий принциплари қонунийлик, мустақиллик, адолатпарварлик, инсонпарварлик, камситмаслик, ошкоралик, боланинг энг устун манфаатларини таъминлаш, ҳар бир инсон учун очиқлик, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларининг устуворлигидан иборатдир.

 16-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг очиқлиги

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил манфаатдор шахсларнинг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолияти тўғрисидаги ахборотдан қонунчиликда белгиланган тартибда фойдаланишини таъминлайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни Вакилнинг расмий веб-сайтида жойлаштиради ва янгилаб туради, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг йиллик ҳисоботини, боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари, шу жумладан, ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маърузани ва бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз матбуот органини таъсис этиши ва бошқа матбуот нашрларининг ҳаммуассиси бўлиши мумкин.

 17-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қонунчиликни такомиллаштиришга доир фаолияти

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятига доир масалалар бўйича қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари кўриб чиқиши учун қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларда иштирок этиши юзасидан таклифлар киритишга ҳақлидир.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши, лойиҳаларнинг ҳуқуқий экспертизасини ўтказиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида иштирок этиши ҳамда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари бўйича таклифлар ва мулоҳазалар киритиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари бўйича норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари мажбурий тартибда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил билан келишилади.

 18-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасида фуқароларнинг ҳуқуқий маданиятини юксалтиришга доир фаолияти

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фуқароларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасида Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш воситалари, усуллари ва механизмларига ўқитишга қаратилган маърифий ва таълим дастурларини, илмий-амалий тадбирлар ҳамда семинарларни ишлаб чиқиш ва амалга оширишда иштирок этади.

19-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолияти

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил таълим, тиббиёт муассасалари, қамоқда сақлаш жойларига, жазони ижро этиш муассасаларига ва ихтисослаштирилган ўқув-тарбия муассасаларига (бундан буён матнда шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларга деб юритилади) мунтазам кириб туриш орқали болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларга кирганида:

Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган вояга етмаган шахсларнинг (бундан буён матнда қамоқда турган вояга етмаган шахслар деб юритилади) сони ҳақида ахборот олади;

қамоқда турган вояга етмаган шахсларни сақлаш ва улар билан муомалада бўлиш шароитларини ўрганади;

қамоқда турган вояга етмаган шахслар билан, шунингдек шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлар маъмуриятининг ходимлари билан учрашувлар ва суҳбатлар, шу жумладан холи учрашувлар ва суҳбатлар ўтказади. Бунда мазкур учрашувлар ва суҳбатлар жараёни боришининг баённомаси юритилади, зарур бўлганда техника воситаларидан фойдаланилади;

вояга етмаган шахснинг қамоқда туришининг қонунийлигини тасдиқловчи ҳужжатлар билан танишади ва уларнинг кўчирма нусхаларини олади;

шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларининг маъмуриятидан қамоқда турган вояга етмаган шахсни тиббий текширувдан ўтказишни, унга тиббий, психологик ва бошқа ёрдам кўрсатилишини талаб қилади, мазкур тадбирлар ўтказилаётганда ушбу шахснинг розилиги билан ҳозир бўлади;

шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларининг маъмурияти раҳбарларидан қамоқда турган вояга етмаган шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини таъминлаш масалалари юзасидан тушунтиришлар олади;

шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойлар маъмуриятининг ғайриқонуний ҳаракатларига (ҳаракатсизлигига) чек қўйиш учун зудлик билан чоралар кўради;

қамоқда турган вояга етмаган шахсларни сақлаш шароитлари тўғрисида хулоса тузади ва уни тегишли ташкилотларга ёки мансабдор шахсларга юборади;

тегишли давлат органларига уларнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир фаолиятини такомиллаштириш бўйича тавсиялар ва таклифлар киритади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил вояга етмаган шахслар турган, ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа жойларда ҳам болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича мазкур модданинг иккинчи қисмида назарда тутилган чораларни кўради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил вакилнинг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашиш учун Вакил томонидан махсус эксперт гуруҳи тузилади. Махсус эксперт гуруҳи тўғрисидаги низом Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тасдиқланади.

Махсус эксперт гуруҳининг таркиби нодавлат нотижорат ташкилотларининг, қоида тариқасида, юриспруденция, тиббиёт, психология, педагогика соҳасида, шунингдек бошқа соҳаларда касбий ҳамда амалий билимларга эга бўлган вакиллари орасидан шакллантирилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил махсус эксперт гуруҳи аъзоларининг болага нисбатан қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олишга доир вазифаларини белгилайди, шунингдек уларга вояга етмаган шахслар турган, шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқини берувчи махсус йўлланмалар беради. Махсус йўлланма Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Котибиятининг ходимларига ҳам берилади.

 

20-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасида халқаро ҳамкорликни ривожлантиришга доир фаолияти

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб киришга, бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича хорижий институтлар билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳақли.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасидаги халқаро шартномалари бажарилиши тўғрисида бола ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича халқаро ташкилотлар ҳамда хорижий институтларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилишига доир маърузаларини тайёрлашда иштирок этади.

21-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятига кўмаклашиш

Мансабдор шахслар боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлигига тааллуқли, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сўраган ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни тақдим этишлари шарт.

Ташкилотлар ва мансабдор шахслар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг боланинг ҳуқуқлари ва манфаатларини ҳимоя қилиш масалаларига доир сўровлари, хулосалари, таклифлари ва тавсияларини кўриб чиқиши, шунингдек боланинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қонуний талабларини бажариши ҳамда кўриб чиқиш натижалари ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида белгиланган муддатда уни хабардор қилиши шарт.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўз фаолиятига доир масалалар бўйича давлат органларининг, корхоналар, муассасалар, ташкилотларнинг раҳбарлари ва бошқа мансабдор шахслари томонидан дарҳол қабул қилиниш ҳуқуқидан фойдаланади.

Фаолияти давлат сири ва қонун билан қўриқланадиган бошқа сирлар билан боғлиқ ташкилотлар, муассасалар ва корхоналарга Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг кириши тартиби, шунингдек давлат сири ёки қонун билан қўриқланадиган бошқа сирни ташкил этувчи ахборотни Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга тақдим этиш Ўзбекистон Республикасининг қонунчилигига мувофиқ амалга оширилади.

Ташкилотлар ва мансабдор шахслар Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ишига (фаолиятига) кўмаклашиш юзасидан зарур чора-тадбирларни кўради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятига тўсқинлик қилиш белгиланган тартибда жавобгарликка тортишга сабаб бўлади.

 22-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Котибияти

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятини таъминлаш учун Котибият тузилади, мазкур Котибият ҳақидаги низом Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тасдиқланади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Котибияти юридик шахс ҳисобланади.

Котибият тузилмасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг фаолиятига кўмаклашувчи секторлар тузилади.

Вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Давлат герби тасвири туширилган ўз муҳри бўлади.

 23-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг молиявий, моддий-техника ва бошқа таъминоти

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Котибияти фаолиятининг молиявий, моддий-техника ва бошқа таъминоти Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ҳамда унда алоҳида сатрда назарда тутилади.

4-боб. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил фаолиятининг ўзига хос хусусиятлари

 24-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги минтақавий вакили

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини (бундан буён матнда Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакили деб юритилади) тайинлайди. Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакил доимий асосда фаолият кўрсатади.

Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакил қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли минтақада яшовчи жисмоний шахсларнинг ёки тегишли минтақада жойлашган нодавлат нотижорат ташкилотларининг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини тиклашда кўмаклашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан текширув ўтказишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилиш, шунингдек улардан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этиш ҳамда уларни ҳимоя қилиш соҳасида ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, шунингдек нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда амалга ошириш.

Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакил:

ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ахборот тақдим этиши;

арз қилувчининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек шикоятларни текширишга доир ахборотни Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг рухсатисиз ва розилигисиз ошкор этмаслиги шарт.

Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакил қонунчиликка мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва унинг зиммасида бошқа мажбуриятлар ҳам бўлиши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакил фаолиятига кўмаклашади.

Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакил бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишга доир фаолияти тўғрисида ҳар йили тегишинча Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгесини, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларини хабардор қилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича минтақавий вакилга Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.

25-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг огоҳлантириши

 Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишига доир қонунчиликнинг бузилишига йўл қўйилмаслиги тўғрисидаги огоҳлантириш Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органлари ҳамда бошқа ташкилотларнинг мансабдор шахсларига ёзма равишда юборилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил огоҳлантириш тўғрисида юқори турувчи органга ёки мансабдор шахсга хабар қилишга ҳақли.

 26-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг тақдимномаси

 Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилишига доир қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисидаги тақдимнома Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан давлат органларининг ва бошқа ташкилотларнинг қонунчилик бузилишларини бартараф этиш юзасидан ваколат берилган раҳбарларига киритилади.

Тақдимнома кечиктирмай бажарилиши ва кўрилган чора-тадбирлар тўғрисида Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга, агар бошқа муддат белгиланмаган бўлса, ўн беш кундан кечиктирмай ёзма равишда хабар қилиниши лозим.

 5-боб. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш тартиб-таомиллари

 27-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш

 Жисмоний ва юридик шахсларнинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга келиб тушган мурожаатларини кўриб чиқиш ҳамда Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан жисмоний шахслар ҳамда юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини ўтказиш Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан қонунга ҳамда Қонунчилик палатаси Кенгаши томонидан тасдиқланадиган тартибга мувофиқ амалга оширилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятларни ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда кўриб чиқади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил учинчи шахсларнинг, шу жумладан нодавлат нотижорат ташкилотларининг муайян бир кишининг (боланинг) ёки бир гуруҳ шахсларнинг (болаларнинг) ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун, башарти уларнинг бунга розилиги бўлса, қабул қилади.

Шикоятлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил қабул жадвалларига мувофиқ жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг шахсий қабулини, шунингдек жисмоний шахсларнинг ва юридик шахслар вакилларининг сайёр шахсий қабулларини ташкил этади.

Жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш жадваллари, қабулни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, жисмоний шахсларни ва юридик шахсларнинг вакилларини қабул қилиш тартиби Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг расмий веб-сайтида эълон қилиш, шунингдек унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.

Аноним мурожаатлар Вакил томонидан кўриб чиқилмайди.

 28-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан шикоятларни кўриб чиқиш шартлари

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил арз қилувчига ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги маълум бўлиб қолган пайтдан эътиборан ёки арз қилувчи, агар у ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг бошқа воситаларидан фойдаланган ҳамда қабул қилинган қарорлардан қаноатланмаган бўлса, ўз шикояти бўйича қабул қилинган охирги қарордан хабар топган пайтдан эътиборан бир йил давомида берилган шикоятларни кўриб чиқади.

Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан тикланиши мумкин.

 

29-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга бериладиган шикоятларга қўйиладиган талаблар

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан берилган тақдирда эса, унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси (исми, отасининг исми) кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича, унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатларнинг ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.

Шикоятлар давлат тилида ёки бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма шикоят арз қилувчининг имзоси ёки нодавлат нотижорат ташкилотининг ваколатли шахси имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Ёзма шикоятни арз қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, шикоят уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон шаклда берилган шикоят қонунчиликда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб шикоятлар қонунчиликда назарда тутилган тартибда уларнинг қонуний вакиллари томонидан берилиши мумкин.

Вояга етмаган шахслар ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига риоя этилиши масалалари юзасидан шикоят бериши мумкин. Вояга етмаган шахсларнинг шикоятлари Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан кўриб чиқилиши шарт.

Вояга етмаган шахслар тўлиқ муомала лаёқатига эга бўлмаганлиги ёки шикоятларга қўйилган талабларга мувофиқ берилмаганлиги сабабли уларнинг шиуоятларини кўриб чиқмасдан қолдиришга йўл қўйилмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги тўғрисида ахборот мавжуд бўлганда ёки ҳимоянинг ҳуқуқий воситаларидан мустақил равишда фойдаланишга лаёқатсиз шахсларни ҳимоя қилиш учун ўз ташаббуси билан фактлар текширувини ўтказишга ҳақлидир.

Шикоят бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар шикоятга илова қилиниши мумкин бўлиб, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.

Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни у кўриб чиқилгунига қадар ва кўриб чиқилаётган пайтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунига қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиши мумкин. Шикоятни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан чоралар кўрилишини истисно этмайди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга берилган шикоят учун давлат божи ундирилмайди.

 30-модда. Қамоқда турган вояга етмаган шахсларнинг Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга мурожаат этиши

 Қамоқда турган вояга етмаган шахслар ёзма шаклдаги мурожаатларни (хатлар ва телеграммаларни) уларнинг сони чекланмаган ҳолда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг номига юбориш ҳуқуқига эга. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига юбориладиган мурожаатлар цензура қилинмайди.

Шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларининг ва махсус қабулхоналарнинг маъмурияти қамоқда турган шахсларнинг мурожаатларини Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга йигирма тўрт соатдан кечиктирмай, муҳрланган тарзда юборади, телеграммаларни эса дарҳол юборади. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг жавоби кўздан кечирилиши мумкин эмас ва арз қилувчига зудлик билан етказиб берилади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшираётганда шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Мазкур муассасаларнинг маъмурияти Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Шахс ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган жойларининг маъмурияти Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга қамоқда турган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашиш ҳамда суҳбатлашиш учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашув ва суҳбат ушбу муассасалар ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда холи ўтказилади.

 31-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг шикоятларни кўриб чиқиш чоғидаги ҳуқуқлари

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятларни кўриб чиқиш, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббуси билан текшириш чоғида қуйидаги ҳуқуқларга эга:

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текширишда кўмаклашишни сўраб ташкилотлар ва мансабдор шахсларга мурожаат қилиш;

аниқланиши лозим бўлган ҳолатларни текшириш учун ташкилотларнинг вакилларини ва мансабдор шахсларни таклиф этиш. Текширишни ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят берилган ташкилотга ёхуд мансабдор шахсга топшириш мумкин эмас;

ташкилотларга ва мансабдор шахслар ҳузурига монеликсиз кириш;

ташкилотлар ва мансабдор шахслардан ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш;

мансабдор шахслардан тушунтиришлар олиш;

аниқланиши лозим бўлган масалалар юзасидан ташкилотлар ва мутахассисларга хулосалар тайёрлашни топшириш;

бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларига дахлдор масалалар юзасидан ташкилотлар ҳамда мансабдор шахслар томонидан ўтказилаётган текширишларда иштирок этиш;

ушлаб турилган ёки қамоқда сақланаётган вояга етмаган шахс билан учрашув ва суҳбатлар ўтказиш;

бола ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонунчиликнинг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш;

ҳаракатларида бола ҳуқуқлари ва эркинликлари бузилганлиги аниқланган шахсларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш;

бола манфаатларини кўзлаб аризалар ва даъволар билан судларга давлат божи тўламасдан мурожаат этиш.

Боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги ҳолларини текшираётганда маълум бўлиб қолган, арз қилувчининг ва бошқа шахсларнинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар уларнинг розилигисиз ошкор қилиниши мумкин эмас.

 32-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг шикоятни текшириш натижаларидан келиб чиқадиган мажбуриятлари

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил шикоятни текшириш натижаларига биноан:

арз қилувчига кўриб чиқиш натижаларини маълум қилиши;

ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлигида фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги аниқланган ташкилот ёки мансабдор шахсга бузилган ҳуқуқларни тиклаш юзасидан тавсиялар бўлган ўз хулосасини юбориши шарт. Бунда Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосасини олган ташкилот ёки мансабдор шахс уни кўриб чиқиши ва бир ойдан кечиктирмай асослантирилган жавоб юбориши шарт.

 33-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосаси

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосасида қуйидаги тавсиялар назарда тутилиши мумкин:

иш ташкилот ёки мансабдор шахс томонидан охирига етказилиши зарурлиги;

ташкилот ёки мансабдор шахснинг қарори ўзгартирилиши ёхуд бекор қилиниши кераклиги;

ташкилот ёки мансабдор шахснинг қарори асосланиши зарурлиги;

ташкилот ёки мансабдор шахс қўшимча қарор қабул қилиши лозимлиги.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг хулосасида бошқа тавсиялар ҳам бўлиши мумкин.

 6-боб. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлиги

 34-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг парламент назоратининг бошқа субъектлари билан ҳамкорлиги

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш, бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари бузилганлиги ҳолларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни ҳар чоракда умумлаштириб боради.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш билан боғлиқ материалларни умумлаштириш ҳамда бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни аниқлаш натижаларига кўра давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига мурожаат қилиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этишга, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этишга ҳақлидир.

Бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар тақдим этиши мумкин.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тақдим этган махсус маърузаларни эшитиш (кўриб чиқиш) якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлар қабул қилади, қарорлар Вакилга юборилади.

 35-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ҳамкорлиги

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг Конституциявий суди кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ҳуқуқига эга.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисларида иштирок этиши мумкин ва суд томонидан кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.

 36-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Олий суди билан ҳамкорлиги

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикасининг Олий суди Пленуми мажлисларида иштирок этиш ҳуқуқига эга.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Олий суди Пленуми мажлисларида кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.

 37-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси билан ҳамкорлиги

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишнинг айрим жиҳатларига эътиборни кучайтириш зарур бўлганда, Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасига ҳуқуқий, ташкилий, ижтимоий-иқтисодий ва бошқа чора-тадбирлар кўришга қаратилган махсус маърузалар киритиш ҳуқуқига эга.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг мажлисларида махсус маърузаларни кўриб чиқишда иштирок этиши мумкин ҳамда улар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён қилишга ҳақлидир.

 38-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг Болалар масалалари бўйича миллий комиссия билан ҳамкорлиги

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Болалар масалалари бўйича миллий комиссиясига масалалар киритиш ҳуқуқига эга.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Болалар масалалари бўйича миллий комиссиянинг мажлисларида иштирок этиши мумкин ва кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил боланинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш тўғрисидаги қонунчиликка давлат органлари томонидан риоя қилиниши ҳолати ҳақида маъруза ҳамда махсус маърузалар киритиш ҳуқуқига эга.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тақдим этган маърузаларини кўриб чиқиш якунлари тўғрисида Болалар масалалари бўйича миллий комиссия қарорлар қабул қилади, қарорлар Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга юборилади.

 39-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг ташкилотлар ва мансабдор шахслар билан ҳамкорлиги

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий дастурларни, шунингдек бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда ташкилотлар ва мансабдор шахслар билан ҳамкорликни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ташкилотлар ва мансабдор шахсларнинг бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш билан боғлиқ мажлисларида иштирок этиши мумкин ва кўриб чиқилаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ташкилотлар ва мансабдор шахслар билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари таъминлаш ҳамда ҳимоя қилиш тўғрисида битимлар, меморандумлар ва шартномалар тузиши мумкин.

40-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакилнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорлиги

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий дастурларни, шунингдек бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ҳамкорликни ўз ваколатлари доирасида амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан шакллантириладиган ишчи ва эксперт гуруҳлари, комиссиялар ва бошқа жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиши учун зарур шароитлар яратади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил бола ҳуқуқлари, эркинликлари ва манфаатлари соҳасида мавжуд материаллар тўғрисида нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ахборот алмашувини қонунчиликда белгиланган тартибда амалга оширади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликда тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши, шунингдек ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиши мумкин.

 7-боб. Якунловчи қоидалар

 41-модда. Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисидаги қонунчиликни бузганлик учун жавобгарлик

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар белгиланган тартибда жавобгар бўладилар.

 42-модда. Ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини, моҳияти ва аҳамияти тушунтирилишини таъминлаш

 Бола ҳуқуқлари бўйича вакил, Адлия вазирлиги ва бошқа манфаатдор ташкилотлар ушбу Қонуннинг ижросини, ижрочиларга етказилишини ҳамда моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

 43-модда. Қонунчиликни ушбу Қонунга мувофиқлаштириш

 Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин.

 44-модда. Ушбу Қонуннинг кучга кириши

 Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

 Ўзбекистон Республикасининг

Президенти                                                         Ш. Мирзиёев

 

 

 

Янгиликлар категориялари