Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар истеъмоли учун фақатгина сифатли маҳсулотлар олиниши шарт! 
Хабарингиз бор ижтимоий тармоқларда фуқароларнинг кенг муҳокамасига сабаб бўлган, Тошкент вилоятининг Оққўрғон туманидаги 5-сонли давлат мактабгача таълим ташкилотининг тарбияланувчиларининг захарланиши ҳақидаги хабарлар тарқалганди. Қайд этиш лозимки, ушбу хабар тарқалиши захотиёқ Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова болалар даволанаётган тиббиёт муассасаларига ташриф буюриб, болалар ҳолидан ҳабар олган эди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил юқоридаги ҳолат ва ўзининг бошқа кузатувларидан келиб чиқиб, жамиятимизда учраб турган бундай ҳодисалар халқаро ва миллий қонунчилигимизда белгиланган норма талабларига масъуллар томонидан етарлича риоя қилинмаётганлигидан келиб чиқмоқда деб ҳисоблайди. Зеро, Бола ҳуқуқлари декларациясида бола ижтимоий таъминотнинг афзалликларидан баҳраманд бўлиши лозимлиги, бола тўғри овқатланиши, унинг турар жой, ўйин-кулги ва соғлиқни сақлаш ҳуқуқи таъминланган бўлиши кераклиги белгиланган.

Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенциянинг 24-моддасининг “в” бандида иштирокчи давлатлар касаллик ва тўйиб овқатланмаслик билан курашиши, шу жумладан, бирламчи тиббий-санитария ёрдами орқали, жумладан, атроф-муҳит ифлосланишининг хавфини ҳисобга олган ҳолда, мавжуд технологияларни қўллаш ва етарли даражада тўйимли озиқ -овқат ва тоза ичимлик суви билан таъминлаши; “е” бандида эса жамиятнинг барча қатламларини, хусусан, ота-она ва болаларни болалар саломатлиги ва овқатланиши, эмизишнинг афзалликлари, атроф -муҳитни санитария ҳолатини сақлаш ва бахтсиз ҳодисаларнинг олдини олиш, шунингдек, уларнинг бундай билимлардан фойдаланишда уларни қўллаб -қувватлаши белгиланган.

Иштирокчи -давлатлар ҳар бир бола ўз миллий қонунчилигига мувофиқ, ижтимоий таъминот, шу жумладан, ижтимоий кафолатлардан фойдаланиш ҳуқуқига эга эканлигини тан олади ва бу ҳуқуқни тўлиқ амалга ошириш учун зарур чораларни кўради.

Ўзбекистон Республикасининг “Бола ҳуқуқларининг кафолатлари тўғрисида”ги қонунининг 22-моддасида боланинг соғлиғини сақлаш ҳуқуқини давлат томонидан таъминлашнинг йўли сифатида талаб даражасидаги сифатга эга бўлган озиқ-овқат маҳсулотлари ишлаб чиқарилиши ва сотилишини назорат қилиш белгиланган.

Ўзбекистон Республикаси “Озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисида”ги қонунининг 5-моддасида озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлигига доир нормалар ва қоидалар давлат органлари томонидан қонунчиликда белгиланган тартибда тасдиқланади ҳамда назорат қилади ва улар озиқ-овқат маҳсулоти муомаласи соҳасида иш олиб бораётган юридик ҳамда жисмоний шахслар учун мажбурийдир деб белгиланган.

Уйлаймизки, ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари томонидан озиқ-овқат маҳсулотининг сифати ва хавфсизлиги тўғрисидаги қонунчиликни бузганликда айбдор шахслар харакатига етарлича ҳуқуқий баҳо берилади. Токи бу бошқа муассасадаги масъуллар учун сабоқ бўлсин.

Янгиликлар категориялари