Ўзбекистон Республикасининг Конституциясининг 13-моддаси биринчи қисмига мувофиқ, Ўзбекистон Республикасида демократия умуминсоний принципларга асосланади, уларга кўра инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадриятдир. Инсоннинг шаъни ва ор-номуси дахлсиз. Инсонни камситиш, обрўсизлантириш, ҳақорат қилиш, таҳқирлаш қонунга зид хатти-ҳаракат ҳисобланади ва бундай ҳаракатлар учун қонун бўйича тегишли жавобгарликлар мавжуд.
Ўзбекистон Республикаси ЖПКнинг 17-моддасида “Инсон шаъни ва қадр-қимматини камситадиган, унинг шахсий ҳаётига тааллуқли маълумотлар тарқалиб кетишига олиб келадиган, соғлиғини хавф остига қўядиган, асоссиз равишда унга жисмоний ва маънавий азоб-уқубат етказадиган ҳаракатлар қилиш ёки қарорлар чиқариш тақиқланади”, дейилади.
Ўзбекистон Республикаси Жиноят кодексининг 2446-моддасида ёлғон ахборот тарқатганлик учун жавобгарлик белгиланган бўлиб, унга кўра, ёлғон ахборот тарқатганлик шахснинг қадр-қиммати камситилишига ёки унинг обрўсизлантирилишига олиб келадиган ёлғон ахборотни тарқатиш, шу жумладан оммавий ахборот воситаларида, телекоммуникация тармоқларида ёки Интернет жаҳон ахборот тармоғида тарқатиш, шундай ҳаракатлар учун маъмурий жазо қўлланилгандан кейин содир этилган бўлса, — базавий ҳисоблаш миқдорининг 150 бараваригача миқдорда жарима ёки 240 соатгача мажбурий жамоат ишлари ёхуд 2 йилгача ахлоқ тузатиш ишлари ёки 2 йилгача озодликни чеклаш билан жазоланади.
Ўзбекистон Республикаси Фуқаролик кодексининг 100-моддасига мувофиқ, фуқаро ўзининг шаъни, қадр-қиммати ёки ишчанлик обрўсига путур етказувчи маълумотлар юзасидан, башарти бундай маълумотларни тарқатган шахс уларнинг ҳақиқатга тўғри келишини исботлай олмаса, суд йўли билан раддия талаб қилишга ҳақли.
Шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 27, 48-моддаларида ҳар ким ўз шаъни ва обрўсига қилинган тажовузлардан, шахсий ҳаётига аралашишдан ҳимояланиш ва турар жойи дахлсизлиги ҳуқуқига эга. Шу билан бирга, фуқаролар Конституция ва қонунларга риоя этишга, бошқа кишиларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари, шаъни ва қадр-қимматини ҳурмат қилишга мажбур эканлиглари белгиланган.
Давлат раҳбари бошчилигида ОАВ ходимлари ва блогерлар қўллаб қувватланиб, ҳақиқатни олиб чиқишдан қўрқмай, муаммоли масалаларни кўтараётган журналистлар қадрланаётган, уларга босим ўтказиш ҳолатларини бартараф этиш, бир сўз билан айганда сўз эркинлиги сиёсати олиб борилаётган вақтда шундай номақбул видеони тарқатиб, аёл журналистга нисбатан тазйиқ ўтказилишини зўравонликнинг бир кўриниши дейиш мумкин. Маънавий ва руҳий зарбаларнинг битиши жисмоний қийноқлардан ҳам оғирроқ бўлади аслида.
Ўйлайманки, бундай вазиятда кўпчилик журналистларнинг бирлашиши натижасида танқидий таҳлилий материаллар янада кўпаяди. Журъатли ва қўрқмас қалам аҳли бу каби зарбалардан янада тобланади.