Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакилини биласизми?
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳрида жами 14 та минтақавий вакили мавжуд. Улар ҳудудлар кесимида фуқаролар мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини тиклашда Вакилга кўмаклашадилар.

Ўз навбатида Омбудсманнинг минтақавий вакиллари маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан текширув ўтказишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилиш, шунингдек улардан ҳужжатлар, материаллар ва бошқа маълумотларни сўраш ҳамда олиш ҳуқуқига эга.

Хоразм вилояти халқ таълими бошқармаси бошлиғи Хамро Бектемиров жамоатчилик асосида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили сифатида фаолият юритиб келмоқда. У фуқаролардан келиб тушаётган мурожаатларни жойига бориб ўрганиш ва ҳал этиш билан бирга маҳаллаларда учрашувлар ташкил этиб, Омбудсманнинг инсон ҳуқуқларини тиклашдаги ҳуқуқ ва ваколатлари ҳақида аҳолининг ҳуқуқий саводхонлигини оширмоқда. Муҳими, ушбу жараёнда баъзи қонун бузилиш ҳолатлари ҳам аниқланиб, уларни бартараф этиш бўйича ишланмоқда.

Жумладан, Хоразм вилоятининг чекка ҳудудларидан ҳисобланган Тупроққалъа тумани фаоллари билан ўтказилган учрашувда “Хазорасп” маҳалласида яшовчи 5 нафар фуқаро ҳамда 7 нафар боланинг шахсини тасдиқловчи ҳеч қандай ҳужжатлари йўқлиги маълум бўлди. Аҳамиятлиси, ҳеч қандай ҳужжатсиз яшаётган инсонлар, паспорт ва туғилганлик ҳақидаги гувоҳномаларни расмийлаштириш учун тегишли давлат идораларига авваллари мурожаат ҳам қилишмаган. Минтақавий вакилнинг аралашуви билан фуқароларга тушунтириш берилиб, ҳужжатлар расмийлаштиришда амалий ёрдам берилди.

Шунингдек, Ҳамро Бектемировга келиб тушган мурожаатлардан бирида, Тошкент ахборот технологиялари университетининг Урганч филиали ходими устидан шикоят келиб тушди. Маълум бўлишича, ходим сайт, платформа, дастур ишлаб бериш учун фуқародан келишилган хизмат хақини олган лекин, мажбуриятини бажармаган. Мурожаатчининг ёзишича, 2 йилдан буён буюртмани чўзиб, бажармаган ходим, алдов йўли билан тўланган суммани қайтаришни ҳам ортга суриб келмоқда. Мазкур мурожаат юзасидан Омбудсманнинг Хоразмдаги минтақавий вакили ТАТУ Урганч филиали раҳбарияти билан боғланган ҳолда фуқаро мурожаатини ижобий ҳал этилишига эришди. Мурожаатчига тўланган сумма тўлиқ қайтарилиб, келишилган хизматни ўз вақтида бажармаган ходимга тегишли чора кўрилди.

Омбудсманнинг Хоразмдаги вакилига кўп йиллардан буён савдо ва хизмат кўрсатиш соҳасида фаолият юритувчи "ORZU - FAXRIM" оилавий корхонаси раҳбаридан янги қуриб битказилган бинони бузиб ташланишини олдини олиш бўйича мурожаат келиб тушди.

Мурожаат ўрганилиши натижасида маълум бўлишича, ушбу оилавий корхонада оила аъзолардан ташқари яна 8 нафар ходим ишлайди. Тадбиркорга ишини кенгайтириши учун Хива тумани ҳокими томонидан бўш ер майдони ажратилади. Лекин, қурилиш ишлари белгиланган режадан кечикиб бошланганлиги сабабли, олинган ер майдони бир қанча муддат бўш ётади. Бу орада ушбу ер майдони фойдаланилмаётган ер участкалари сифатида рўйхатга олинади ва e-auksion савдо платформасига жойлаштирилади. Ҳозирда мазкур майдонда тадбиркор оилавий корхонасининг янги биноси қуриб битказилган. Лекин, ушбу майдонни e-auksion орқали бошқа фуқаро сотиб олган ва янги бинони бузиб ташлашини билдирган.

Мазкур низоли ҳолат юзасидан Омбудсманнинг Хоразмдаги Минтақавий вакили тегишли давлат идоралари билан боғланиб, бинони бузиб ташланишини олдини олди.

Яна бир тадбиркор мурожаатида, сабзовот-полизчилик йўналишида фаолият юритиши учун ер майдони сўраб қилган мурожаати ҳанузгача ҳал этилмасдан келаётганлиги қайд этилган. Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили аралашуви натижасида "Dostonbek Rayxona Kamola" МЧЖ раҳбарига Урганч тумани Бекобод қишлоғи, Бекобод-Қумобод массиви ҳудудида жойлашган 5,8 гектар ер майдони ажратиб берилди.

Маълумот учун: Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман)нинг Хоразм вилоятидаги минтақавий вакили Хамро Бектемиров ҳафтанинг Чоршанба куни соат 14:00 дан 17:00 гача фуқаролар мурожаатларини қабул қилмоқда. Манзил: Хоразм вилояти, Урганч шаҳри, Ю.Бабажанов кўчаси, 29-уй

 Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати

Янгиликлар категориялари