Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Алия ЮНУСОВА: Ўзбекистондаги барча болалар менинг фарзандларимдир
1-июнь – Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни муносабати билан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари - Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ва Омбудсман котибияти ходимлари, Ёшлар агентлиги ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори вакиллари Тошкент вилоятидаги 24-сон тарбия колониясида сақланаётган вояга етмаган маҳкумларни байрам билан табриклашди.

Қайд этиш лозимки, бир йил муқаддам Бола ҳуқуқлари бўйича вакил Алия Юнусова ушбу тарбия колониясига яратилган шарт-шароитларни ўрганиш мақсадида келганида мазкур муассасага Амфитеатр қуриш ва маҳкумлар иштирокида турли асарларни саҳналаштириш орқали болаларни муаммоларидан оз бўлсада чалғитиш, уларни театрлар билан тарбиялаш ва янги истеъдодларни кашф этиш таклифини билдирган эди. Ушу таклиф эътиборга олиниб, тарбия колониясида амфитеатр қурилди.

Шу ўринда таъкидлаш лозимки, ҳар қачон театр инсонни тарбиялаб, ўзидан нур таратувчи маскан бўлиб келганлигини, бир вақтлар маърифатпарвар Маҳмудхўжа Беҳбудий “Театр бу ибратхонадир” - деган бўлса, бугун юртбошимиз “Театр бу маънавият ўчоғи, ижод аҳли инсон қалбининг муҳандисларидир” - деб юксак тарифни бердилар. Умуман олганда, ҳар доим ҳам театр бу ҳаётий сабоқлар берувчи жонли воситадир.

Дастлаб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил вояга етмаган маҳкумларни байрам билан табриклаб, уларга мустаҳкам соғлиқ, баркамол бахт ва омад тилади.

Алия Юнусова, Бола ҳуқуқлари бўйича вакил:

Мендан кўпинча фарзандларингиз нечта деб сўрашади. Мен эса қуйидагича жавоб қайтараман. Ўзбекистондаги барча болалар менинг фарзандларим. Шундай экан, қаерда бўлманг бирор бир муаммога дуч келсангиз ёки ҳуқуқларингиз поймол этилса – Бола ҳуқуқлари бўйича вакил сизни эшитишга доим тайёр. Мурожаатларингизни Омбудсман қутилари ёки муассаса раҳбари орқали юборишингиз мумкин. Яқин кунларда болалар учун ишонч телефони хизмати ҳам жорий этилади. Шундан сўнг болалар тун-у кун ўзларини қийнаган муаммолари бўйича телефон орқали мурожаат қилишлари мумкин бўлади.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил байрамга совға сифатида тарбия колониясида театр томошаларини ташкил  этиш бўйича лойиҳанинг иккинчи босқичига старт берилганини маълум қилди. Унинг сўзларига кўра, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори билан ҳамкорликда 2 йилга мўлжалланган “Йўл ҳарита” имзоланган бўлиб, бу ўша “Йўл харита”нинг бир қисмини ташкил этади. Театрни ташкиллаштириш учун режиссёр ва бошқа мутахассислар жалб қилиниб, маҳкумлар иштирокида тарбиявий аҳамиятга эга бўлган театрлар саҳналаштирилади. Натижада, болаларнинг ўқишдан ташқари бўш вақтини самарали ўтказиш, янги истеъдодларни кашф этиш билан бир қаторда, маҳкумларни келажакда яна тўғри йўлдан адашиб, жиноят кўчасига кириб қолмасликлари учун бадиий асарларни сингдириш орқали пойдевор яратилади.

Учрашув давомида Ўзбекистон Республикаси Ёшлар ишлари агентлиги томонидан мазкур тарбия колониясининг кутубхона фонди яна 50 та “Амир Темур сулоласи”, “Меҳробдан чаён”, “Алкимёгар”, “Ғафур Ғулом”, “Румий” каби адабиётлар билан бойитилди.

Шундан сўнг, Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори катта маслаҳатчиси Матье Лемуан ҳам сўз олиб, Бола ҳуқуқлари бўйича вакилга ўзаро ҳамкорлик учун миннатдорчилик билдирди.

"Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан Ёшларни қўллаб-қувватлаш ва аҳоли саломатлигини мустаҳкамлаш йили Давлат дастурини амалга ошириш бўйича билдирган ташаббуслар ёшларнинг ўз қобилиятларини тадбиқ қилиш, мавжуд имкониятларни ишга солиш ва ўзига бўлган ишончини оширишда ёрдам беради. Ҳамкорликдаги лойиҳамиз ҳам ижодий, конструктив ва келажакка йўналтирилган бўлиб, сизнинг салоҳиятингизни оширишда ва жамият учун ижобий ҳисса қўшишда ёрдам беришга қаратилгани билан аҳамиятлидир"  деди, Матье Лемуан

Тадбирда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалар координатори томонидан муассасада тарбияланаётган 57 нафар маҳкумларга футбол формалари совға қилинди.

Ташриф доирасида халқаро ташкилот вакиллари тарбия колониясида маҳкумлар учун яратилган шарт-шароитлар билан таништирилди.

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати