Венгрия Республикасининг Асосий ҳуқуқлар комиссари Акос Козма таклифига биноан Венгрияга ташриф буюрган делегация аъзолари 2023 йилнинг 18 май куни Миллий полиция Бош бошқармаси ва Венгрия пенитенциар хизмати миллий штаб-квартираси вакиллари билан учрашишди.
Хизмат сафари доирасида делегация аъзолари Венгрия ташқи ишлар ва савдо вазирлигида хавфсизлик сиёсати бўйича Давлат вазири Петер Старай билан ҳам учрашишди.
Ўз навбатида, Петер Старай, Ўзбекистон Республикаси Президентининг Венгрия давлатига қилган ташрифи якунларига кўра, мамлакатларнинг ишбилармон доиралари вакиллари билан аниқ инвестиция лойиҳаларини амалга ошириш режалари кўриб чиқилиб, салмоқли ҳужжатлар тўплами имзоланганини, ушбу сафар Ўзбекистон ва Венгрия алоқаларининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилишини билдирди.
Шунингдек, мезбон Венгрия туркий тилли давлатлар мамлакатлари Омбудсмани институтлари ўртасида инсон ҳуқуқлари соҳасида ўзаро ҳамкорликни ривожлантиришдан манфаатдор эканлигини таъкидлади.
Шу куни Ўзбекистон Парламенти Омбудсмани Феруза Эшматова Венгрия Республикаси Асосий ҳуқуқлар комиссари Акос Козма томонидан ташкил этилган Туркий тилли Омбудсман ва инсон ҳуқуқлари бўйича миллий институтлар раҳбарларининг биринчи расмий конференциясида иштирок этди.
Тадбирда Венгрия, Озарбайжон, Туркия ва Қозоғистон Омбудсманлари институтлари вакиллари, шунингдек, Венгриядаги ҳуқуқни муҳофаза қилиш органлари вакиллари ва бошқалар иштирок этишди.
Ф.Эшматова ўз нутқида мамлакатимизда сўнгги йилларда олиб борилаётган ислоҳотлар, Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишлари, жумладан мурожаатлар билан ишлаш, фуқаролик жамияти институтлари билан ҳамкорлик, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари ҳамда халқаро ҳамкорлик борасида фаолияти билан таништирди.
Мазкур конференция Венгрия Республикасига амалга оширилган хизмат сафарини якунлаб берди. Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистон Омбудсман институтлари вакилларидан иборат делегация аъзолари 16-19 май кунлари Венгриянинг бир қанча ҳудудларида бўлиб, Венгрия Омбудсмани ва унинг ҳудудий бўлимлари ҳамда мамлакатдаги жазони ижро этиш муассасалари ва ҳуқуқни муҳофаза қилуви органлар фаолияти билан танишди.
Туркий тилли давлатлар Омбудсманлари институтлари ўртасидаги инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги ҳамкорликни янада мустаҳкамлашнинг рамзий белгиси сифатида Венгрия, Ўзбекистон, Туркия, Озарбайжон ва Қозоғистон давлатлари вакилларининг кўчат экиш маросими ҳам бўлиб ўтди. Унда Ўзбекистон Омбудсмани томонидан Чинор – умрибоқий дарахти экилди.
Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати