Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг 27 йиллигига бағишланган халқаро тадбир тафсилотлари: экспертлар фикри
Хабарингиз бор, жорий йилнинг 23 февраль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтининг 27 йиллиги муносабати билан халқаро конференция ташкил этилди. “Инсон ҳуқуқлари ва қонуний манфаатларини таъминлаш мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотларнинг олий қадрияти ва муҳим мезонидир” мавзусида ўтказилан халқаро тадбирда кўплаб халқаро ва маҳаллий экспертлар, хорижий давлат Омбудсманлари иштирок этишди. Мазкур тадбир Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман), Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилотининг Ўзбекистондаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ҳамда БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармасининг Марказий Осиё бўйича минтақавий вакили билан ҳамкорликда ташкил этилди.

Ушбу халқаро тадбирни ташкил этишдан мақсад Ўзбекистондаги инсон ҳуқуқлари соҳасидаги ислоҳотларни жаҳон ҳамжамиятига етказиш, ёшларни, ногиронлиги бўлган шахсларни ижтимоий муҳофаза қилиш, улар ҳуқуқларини таъминлаш Омбудсманнинг Миллий превентив механизм доирасида жамоатчилик вакиллари билан биргаликда тергов изолятори ва жазони ўташ муассасаларига “мониторинг ташрифлари”ни амалга ошириш тизимини ҳамда қонун ижодкорлиги фаолиятини такомиллаштиришнинг долзарб масалаларини муҳокама қилиш ва бу борадаги миллий ва хорижий тажрибаларни ўрганиш юзасидан тадбир иштирокчиларига маълумотларни етказиш ҳисобланади.

Тадбирда ЕХҲТнинг Ўзбекистондаги лойиҳалари координатори, элчи Пьер Фон Аркс Ўзбекистон Республикасида инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш соҳасида муҳим ислоҳотлар амалга оширилгани ва бу борада Омбудсман институти демократик жамиятни ривожлантиришда муҳим аҳамиятга эга эканини таъкидлади. Шунингдек, элчи БМТнинг ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги Конвенциясини Ўзбекистон Республикаси томонидан ратификация қилиниши  мамлакатнинг имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга тенг имкониятлар яратиш масаласига алоҳида эътибор қаратилаётганининг аниқ кўрсаткичи эканини қайд этди.

 

БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Марказий Осиё учун минтақавий бўлинмаси раҳбари Ришард Коменда БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Омбудсман институти билан унинг мустақиллиги ва қонунчилик асосларини мустаҳкамлаш ҳамда унинг Париж тамойилларига риоя этилиши бўйича фаол иш олиб бораётганини таъкидлади. “БМТнинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Олий комиссари бошқармаси Ўзбекистон Парламент Омбудсманига Миллий инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш муассасаларининг Глобал альянси томонидан «Б» мақомини берилишида кўмаклашди ва бу жуда муҳим қадам бўлди. Ҳозирда Омбудсман институти «А»мақомини олишида ҳам қўллаб-қувватлашга тайёрмиз” - деди Ришард Коменда.

 

Таиланд қироллиги Бош Омбудсмани Сомсак Сувансуджарит ўз сўзида Ўзбекистондаги ислоҳотларни ижобий баҳолаб, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига (Омбудсманга) халқаро тадбирда инсон ҳуқуқларини таъминлашнинг барча йўналишлари, жумладан ёшлар, ногиронлиги бўлган шахслар ва пенитенциар муассасаларда сақланаётганлар ҳуқуқларининг қамраб олингани учун миннатдорлик билдирди. Шунингдек, Таиландда Омбудсман институти ўз навбатида ёшлар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш фаолиятининг асосий йўналишларидан бири сифатида белгилаб олганини қайд этди. Унинг қайд этишича, Таиланд Омбудсман аппарати мажбурий таълим олганидан кейин ўқишни давом эттира олмайдиган ёшларга касбий кўникмалар беришга қаратилган лойиҳаларни ишлаб чиққан. Ушбу лойиҳалар доирасида тренинглар ташкил этилиб, унда иштирок этган ёшлар кейинчалик иш жойлари билан таъминланмоқда.

 

Россия Федерациясидаги Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Татьяна Москалькова,

-Омбудсман институтининг ташкил этилиши мамлакатларда демократия ва фаол фуқаролик жамиятини шакллантириш ҳамда инсон ҳуқуқларини самарали ҳимоя қилишдаги муҳим қадам саналади. Омбудсман демократик давлат органи ҳисобланиб, фуқароларнинг мурожаатлари билан ишлайди. У ҳукуматга инсон ҳуқуқларини таъминлаш тизимини такомиллаштириш, фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш бўйича тўғридан тўғри тавсия бериши ва қаерда қандай камчиликларга йўл қўйилгани ва уларни бартараф этиш йўлларини кўрсатиши мумкин. Тегишли давлат органлари унинг тавсияларини эшитиши ва уларни инобатга олиши керак. Албатта, Ўзбекистон Президентининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакил мавқеи ва фаолияти самарадорлигини ошириш бўйича қўллаб-қувватлашлари жуда аҳамиятлидир.

 

Туркия Бош Омбудсмани Шереф Малкоч Омбудсман институтининг 27 йиллиги билан табриклаб, келгусидаги ишларига улкан муваффақиятлар тилади. У иштирокчилар эътиборини имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларининг ҳимоя қилинишининг долзарб жихатларига қаратди. Унинг сўзларига кўра, ногиронлиги бўлган шахслардан келиб тушган барча мурожаатлар имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш билан шуғулланадиган Омбудсман томонидан алоҳида назоратга олинади.

 

Венгрия Республикасининг асосий ҳуқуқлари бўйича комиссари (Омбудсман) Акос Козма, унинг аппарати ногиронлар учун зарур шарт-шароитларни яратиш жараёнида, шу жумладан, жамоат транспортидан фойдаланиш ва маъмурий муассасаларга кириш билан боғлиқ қулай шарт-шароитларни таъминлашда фаол иштирок этмоқда. У Венгрия Омбудсман аппаратининг имкониятлари чекланган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш борасидаги тажрибасини бўлишишга тайёрлигини билдирди.

 

Шунингдек, тадбирда сўзга чиққан Озарбайжон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Сабина Алиева ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларининг ҳимоясига эътиборни кучайтирганига тўхталди. Унинг сўзларига кўра Озарбайжонда 2018 йилда имконияти чекланган шахслар ҳуқуқларини таъминлаш бўйича янги қонун қабул қилинган ва унда унда қадр-қимматни камситувчи атамалар бошқа терминлар билан алмаштирилган. Шунингдек, Озарбайжон Омбудсманининг аппаратида имконияти чекланган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича таркибий бўлинма фаолият кўрсатаётганига иштирокчилар эътиборини тортди.

 

 

“Имкониятларга чекланган фуқаролар ҳали ҳам муайян муаммоларга дуч келмоқда” - деди Сербия Республикасидаги фуқаролар ҳимоячиси Зоран Пасалич. У бу борада давлат бошқарувининг ваколатли органлари билан ҳамкорликка, айниқса, фавқулодда вазиятларда жалб қилиш бўйича фаол иш олиб бораётганини қайд этди. Шунингдек, қонунчилик ва норматив ҳужжатларга аҳолининг заиф қатламларининг ҳуқуқларини таъминловчи ўзгартириш ва қўшимчалар киритилиши бўйича таклифлар бериш устида ҳам фаол ишлаётганини айтиб ўтди.

Жазони ижро этиш муассасаларида сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва рағбатлантириш муҳокамасига бағишланган учинчи ва якуний сессияда Марказий Осиё мамлакатларида инсон ҳуқуқлари бўйича вакилларнинг маърузалари тингланди.

    

Тожикистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Умед Бобозода, Туркманистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили Яздурсун Гурбанназарова, Қирғизистон Республикасининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили ўринбосари Альберт Колопов ўз маърузаларида маҳбусларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳасидаги фаолиятларининг ўзига хос жихатларига тўхталиб, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган муассасаларига мониторинг ўтказиш тартиби, статистик маълумотларни тақдим этишди. Шунингдек, пенитенциар муассасалардаги шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қонунчилик асослари ва уларнинг тиббий хизматлардан фойдаланиш ҳуқуқлари ҳақида маълумот беришди.

Халқаро конференция якунларига кўра, маҳаллий ва халқаро экспертлар томонидан Омбудсман фаолиятини тартибга солувчи қонун лойиҳасини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштиришга ва уларни муваффақиятли амалга оширишга қаратилган таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Халқаро конференция якунларига кўра, муҳокама қилинган масалалар юзасидан тавсиялар ишлаб чиқилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати