Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди
Жорий йилнинг 16 июнь куни Тошкент шаҳрида Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига аъзо давлатлар Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари  ва Омбудсманларининг 4-йиғилиши бўлиб ўтди. Унда аъзо давлатлар мутасадди идораларининг 40 дан ортиқ вакиллари иштирок этишди.

 Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилоти— аъзо мамлакатларнинг иқтисодий, маданий, фан ва техникавий ҳамкорлиги бўйича ташкил этилган халқаро минтақавий ташкилотдир. Мазкур нуфузли минтақавий бирлашма 1985 йилда ташкил этилган бўлиб, унинг асосий мақсади савдо, инвестициялар, инновациялар, транспорт, коммуникациялар, энергетика, қишлоқ хўжалиги ва саноат каби устувор йўналишларда давлатлар ўртасида ҳамкорликни ривожлантиришдан иборат.

Бугунги кунда Иқтисодий Ҳамкорлик Ташкилотига 10 та давлат аъзо ҳисобланиб, булар – Ўзбекистон, Туркия, Эрон, Покистон, Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон, Туркманистон, Озарбайжон ва Афғонистон кабилардир.

Йиғилишнинг мазмун-моҳияти аъзо давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш соҳасида минтақавий тажриба алмашиш, давлатлар ўртасида ягона коррупцияга қарши курашиш сиёсати механизмини ишлаб чиқиш ва уни амалиётга тадбиқ этишга қаратилган. Шунингдек, ходимлар малакасини ошириш, тизимда қўшимча таклифлар ишлаб чиқиш ҳам йиғилишнинг мақсад ва вазифаларидан ўрин олган.

Тадбирда аъзо мамлакатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда омбудсманлари амалга оширилаётган ислоҳотлар, қабул қилинган қонунлар ва қарорлар, коррупцияга қарши курашишда омбудсманларининг ўрни, бу жараёнда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш кафолатлари ҳақида маълумотлар беришди.

Маълумот ўрнида айтиш лозимки, коррупцияга қарши курашиш - Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятининг устувор йўналишларидан ҳисобланади. Шу нуқтаи назардан, Омбудсман давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириб, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекланишига сабаб бўлган коррупциявий ҳолатларни бартараф этиш бўйича чоралар кўради. Жумладан, коррупциявий ҳолатларни келтириб чиқарувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиш, мансабини суистеъмол қилган шахсларни жавобгарликка тортиш бўйича тегишли органга мурожаат қилиш, инсон ҳуқуқларини тиклаш бўйича судга давлат божи тўламасдан даъво аризаси киритиш каби ҳуқуқларидан фойдаланади. Шунингдек, бу борадаги мурожаатларга тезкорлик билан чора кўриш мақсадида Бош Прокуратура ҳамда Коррупцияга қарши курашиш агентлиги билан ҳамкорлик қилинади.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова

- Коррупция ҳар қандай давлат ва жамият ривожига жиддий салбий таъсир кўрсатувчи хавфли омил, барча мамлакатларга таҳдид солувчи мураккаб ижтимоий-сиёсий, иқтисодий ҳодисадир. Зеро, бу омил туфайли давлатнинг ривожланиши секинлашади, демократик институтларга путур етади. У қонун устуворлигига жиддий зиён етказади. Шу билан бирга, унинг таъсири остида фуқароларнинг ижтимоий адолатга, ҳақиқатга ва давлат органларига ишончи йўқолади. Ҳар қандай жамият учун ушбу жиноятга қарши курашиш энг долзарб масалалардан биридир.

Мамлакатимизда коррупцияга қарши кескин ва муросасиз кураш олиб бориш Ўзбекистон Республикаси давлат сиёсатининг устувор вазифаларидан саналади.

Шу маънода, Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) институтида жамиятда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашда коррупцияга қарши курашишни ўзининг устувор мақсадларидан деб билади.

Хусусан, Омбудсман давлат органлари ва ташкилотлари ҳамда уларнинг мансабдор шахслари томонидан инсон ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини амалга ошириб, фуқароларнинг мурожаатларини кўриб чиқиш орқали уларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини чекланишига сабаб бўлган коррупциявий ҳолатларини бартараф этиш бўйича чоралар кўради. Омбудсман назоратига олинган мурожаатлар ўрганилиши натижасида бирор бир шахснинг ўз мансаб ёки хизмат мавқеини шахсий манфаати йўлида суистеъмол қилганлиги ўз тасдиғини топса, албатта уларни жавобгарликка тортиш тўғрисида тегишли органларга илтимоснома билан кириш ҳуқуқидан фойдаланади.

Шунингдек, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги қонун ҳужжатларининг аниқланган бузилишларини, уларга имкон берувчи сабаблар ва шарт-шароитларни бартараф этиш тўғрисида давлат органлари ва бошқа ташкилотлар раҳбарларига белгиланган муддатларда кўриб чиқилиши мажбурий бўлган тақдимномалар киритиб келмоқда.

Ҳулоса ўрнида айтишим мумкинки, бугунги минтақавий мулоқот орқали коррупцияга қарши курашиш борасида кўплаб маълумотлар ва таклифларни олдик, ўзаро тажриба алмашдик ҳамда ҳамкорлик муносабатларимизни янада мустаҳкамладик.

Анжуманнинг навбатдаги қисми Минтақавий марказ фаолиятини ташкил этишга бағишланди.  Қайд этилдики, марказ Эрон давлатининг Теҳрон шаҳрида жойлашади  ва унда ИҲТга аъзо давлатларнинг Коррупцияга қарши курашиш идоралари раҳбарлари ҳамда Омбудсманларининг ўзаро ҳамкорлиги мувофиқлаштирилади. Минтақавий марказ давлатларнинг коррупцияга қарши курашиш тизими билан боғлиқ ташкилий масалаларига кўмаклашади. Марказ фаолиятида соҳада халқаро тажриба ва билим алмашиш механизми  йўлга қўйилади, муҳим сиёсий тадбир ва анжуманлар ўтказилади. Бундай Минтақавий марказнинг ташкил этилиши, айтиш ўринлики, ташкилотга аъзо ҳар бир давлат учун муҳим сиёсий аҳамият касб этади. 

Йиғилиш доирасида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова Туркия Парламентининг бош Омбудсмани Шереф Малкўч ҳамда Озарбайжон Республикаси Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Сабина Алиевалар билан учрашиб, икки томонлама ҳамкорлик алоқаларини мустаҳкамлаш бўйича келишиб олишди.

Қатнашчилар анжуманнинг коррупцияга қарши курашиш сиёсатида муҳим ўрин эгаллашини инобатга олиб, кўтарилган ташаббуслар, қабул қилинаётган ҳужжатлар ҳар бир давлат учун амалий аҳамиятга эга эканлигини таъкидлашди. Коррупция- иқтисодий ривожланишга катта тўсиқ эканлиги боис ҳамкор давлатлар савдо ва инвестиция алоқаларини ривожлантиришда рақамли технологиялар ва электрон тижоратни кенг жорий этиш масалаларига тўхталиб ўтишди. 

Тадбирнинг якуни сифатида давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашиш сиёсатини амалга оширишда минтақавий ҳамкорликни янада кенгайтириш мақсадида таклифлар ишлаб чиқилди ва улар иштирокчилар томонидан қабул қилинган Тошкент декларациясида ўз аксини топди. Унда ИҲТ га аъзо давлатлар ўртасида коррупцияга қарши курашишда ҳамкорликни қўллаб-қувватлаш йўллари ва усуллари; мавжуд муаммо ва масалаларни ҳал қилишда аъзо давлатларнинг  тегишли идоралари вакиллари ўртасида учрашув, келишув ва муҳокамаларни ташкил этиш; минтақавий ва глобал даражада умумий муаммо ва имкониятларнинг кўлами ва боғлиқлиги; минтақадаги барқарор ижтимоий-иқтисодий ривожланишга халақит бераётган коррупциявий тўсиқларни бартараф этиш масалалари; жамият тараққиёти ва фаровонлигига жиддий таҳдид соладиган ҳар қандай коррупция шакллари туфайли юзага келадиган муаммоларни биргаликда ҳал этиш учун минтақавий ҳамкорликни кенгайтириш масалалари ўрин олди.  

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати