Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
16 Aug 2017

Лойиҳа

Ўзбекистон Республикасининг

ҚОНУНИ

«Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш ҳақида

Қонунчилик палатаси томонидан _________________

қабул қилинган

1-модда. Ўзбекистон Республикасининг 1997 йил 24 апрелда қабул қилинган «Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида»ги 392–I-сонли Қонунига (Ўзбекистон Республикасининг 2004 йил 27 августда қабул қилинган 669–II-сонли Қонуни таҳририда) (Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Ахборотномаси, 2004 йил, № 9, 170-модда) қуйидаги ўзгартиш ва қўшимчалар киритилсин:

1) 1-модданинг иккинчи қисмидаги «ижтимоий онгини» деган сўзлар «ҳуқуқий онгини ва ҳуқуқий маданиятини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

2) 7-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«7-модда. Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи қонунга мувофиқ ҳар йили Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида эшитилади.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Қонунчилик палатаси ҳар йили, ҳисобот йилидан кейинги йилнинг 15 февралидан кечиктирмай ўз мажлисида Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Сенатида эшитиш қонунга мувофиқ амалга оширилади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботи Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг фракциялари ва депутатлар гуруҳларида ҳамда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қўмиталарида дастлабки тарзда кўриб чиқилади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги ҳисоботини эшитиш якунлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталари қарорлар қабул қилади, қарорлар Вакилга юборилади.

Вакилнинг фаолияти тўғрисидаги йиллик ҳисоботи белгиланган тартибда эълон қилинади.

Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларининг бажарилишига доир йиллик маърузаларини тайёрлашда иштирок этади».

3) 10-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«10-модда. Вакил томонидан мурожаатларни кўриб чиқиш

«Вакил аризалар, таклифлар ва шикоятлар тарзида келиб тушган мурожаатларни кўриб чиқади. Вакил шикоятларни ушбу Қонунда назарда тутилган тартибда, аризалар ва таклифларни алоҳида қонунда белгиланган тартибда кўриб чиқади.

Вакил Ўзбекистон Республикаси фуқароларининг ҳамда Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги чет эл фуқаролари ва фуқаролиги бўлмаган шахсларнинг ўз ҳуқуқлари, эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини бузаётган ташкилотлар ёки мансабдор шахсларнинг ҳаракатлари ёхуд ҳаракатсизлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқади ва у ўз текширувини ўтказиш ҳуқуқига эга.

Вакил учинчи шахсларнинг, шу жумладан, нодавлат нотижорат ташкилотларининг муайян бир киши ёки бир гуруҳ шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилганлиги устидан берган шикоятларини кўриб чиқиш учун, башарти уларнинг бунга розилиги бўлса, қабул қилади.

Шикоятлар оғзаки, ёзма ёки электрон шаклда берилиши мумкин.

Вакил томонидан қабул қилиш жадвалларига мувофиқ шахсий қабул, шунингдек сайёр шахсий қабуллар ташкил этилади.

Қабул қилиш жадваллари ва уни ўтказиш вақти, жойи ҳамда қабулга олдиндан ёзилиш тўғрисидаги ахборот, шунингдек қабул қилиш тартиби Вакилнинг расмий веб-сайтларида эълон қилиш, шунингдек унинг маъмурий биносида ҳамма кириши мумкин бўлган жойлардаги стендларга ёки бошқа техник воситаларга жойлаштириш орқали манфаатдор шахслар эътиборига етказилади.

Вакил суднинг ваколат доирасига кирадиган масалаларни кўриб чиқмайди.

Аноним мурожаатлар вакил томонидан кўриб чиқилмайди»;

4) 11-модда:

биринчи қисмидаги «ҳуқуқлари ва эркинликларини» деган сўзлар «ҳуқуқлари,эркинликлари ва қонуний манфаатларини» деган сўзлар билан алмаштирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Шикоят беришнинг узрли сабабларга кўра ўтказиб юборилган муддати Вакил томонидан тикланади»;

5) 12-модда қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«12-модда. Шикоятларга қўйиладиган талаблар

Вакилга берилган шикоятда арз қилувчининг фамилияси (исми, отасининг исми), унинг яшаш жойи тўғрисидаги маълумотлар, шикоят нодавлат нотижорат ташкилоти томонидан берилаётган бўлса – унинг тўлиқ номи, жойлашган ери (почта манзили) тўғрисидаги маълумотлар кўрсатилган бўлиши керак.

Шикоятда қарорлари, ҳаракатлари ёки ҳаракатсизлиги устидан шикоят қилинаётган ташкилотнинг номи, мансабдор шахснинг фамилияси, исми, отасининг исми кўрсатилади, арз қилувчининг фикрича унинг ҳуқуқларини бузган қарорларнинг, ҳаракатлар ёки ҳаракатсизликнинг моҳияти баён этилади.

Шикоятлар давлат тилида ва бошқа тилларда берилиши мумкин.

Ёзма шикоят арз қилувчининг имзоси ёки нодавлат нотижорат ташкилоти ваколатли шахсининг имзоси билан тасдиқланган бўлиши керак. Ёзма шикоятни арз қилувчининг имзоси билан тасдиқлаш имкони бўлмаган тақдирда, шикоят уни ёзиб берган шахснинг имзоси билан тасдиқланиб, унинг фамилияси (исми, отасининг исми) ҳам қўшимча равишда ёзиб қўйилиши керак.

Электрон шикоят қонунда белгиланган талабларга мувофиқ бўлиши керак.

Вояга етмаганлар, муомалага лаёқатсиз ва муомала лаёқати чекланган шахсларнинг манфаатларини кўзлаб, шикоятлар уларнинг қонуний вакиллари томонидан қонун ҳужжатларида назарда тутилган тартибда берилиши мумкин.

Шикоятга у бўйича илгари қабул қилинган мавжуд қарорлар ёки уларнинг кўчирма нусхалари, шунингдек уни кўриб чиқиш учун зарур бўлган бошқа ҳужжатлар илова қилиниши мумкин, мазкур ҳужжатлар қайтарилмайди, арз қилувчи уларни қайтариш ҳақида ёзма ариза берган ҳоллар бундан мустасно.

Арз қилувчилар ва уларнинг вакиллари шикоятни улар кўриб чиқилгунга қадар ва кўриб чиқилаётган вақтда шикоят юзасидан қарор қабул қилингунга қадар ёзма ёки электрон шаклда ариза бериш орқали қайтариб олиши мумкин. Шикоятни қайтариб олиш тўғрисидаги ариза Вакил томонидан қонун бузилишларини аниқлаш ва бартараф этиш бўйича чоралар кўрилишини истисно этмайди.

Вакилга берилган шикоятга давлат божи солинмайди»;

6) қуйидаги мазмундаги 131 –модда билан тўлдирилсин:

“131-модда. Вакил томонидан шикоятларни кўриб

чиқиш муддатлари

Шикоят Вакилга келиб тушган кундан эътиборан ўн беш кун ичида, қўшимча ўрганиш ва (ёки) текшириш, қўшимча ҳужжатларни сўраб олиш талаб этилганда эса бир ойгача бўлган муддатда кўриб чиқилади.

Шикоятларни кўриб чиқиш учун текшириш ўтказиш, қўшимча материаллар талаб қилиб олиш ёки бошқа чора-тадбирлар кўриш зарур бўлган ҳолларда, уларни кўриб чиқиш муддатлари вакил томонидан истисно тариқасида узоғи билан бир ойга узайтирилиши мумкин, бу ҳақда арз қилувчига хабар қилинади.

Арз қилувчи шикоятни кўриб чиқишнинг бориши масаласи юзасидан ахборот олиш тўғрисида ариза билан Вакилга мурожаат этиш ҳуқуқига эга»;

7) қуйидаги мазмундаги 141-модда билан тўлдирилсин:

“141-модда. Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий

қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм

қилинган шахсларнинг Вакилга мурожаат этиши

Ушлаб турилган ва қамоққа олинган, маъмурий қамоққа олинган ва озодликдан маҳрум этишга ҳукм қилинган шахслар (бундан буён матнда қамоқда турган шахслар деб юритилади) Вакил номига ёзма шаклда (хатлар ва телеграммалар) мурожаатларни уларнинг сони чекланмаган ҳолда юбориш ҳуқуқига эга. Вакил номига йўлланган мурожаатлар цензура қилинмайди.

Қамоқда сақлаш жойларининг ва махсус қабулхоналарнинг маъмурияти қамоқда турган шахсларнинг мурожаатларини вакилга топширади ҳамда жавоб хатларини ёпиштирилган ҳолда улар берилган ёки келиб тушган кундан кейинги иш кунидан кечиктирмай уларга топширади.

Жазони ижро этиш муасссасаларининг маъмурияти томонидан хатларни жўнатиш ва топшириш хатлар келиб тушган ёки жўгатиш учун берилган кундан эътиборан уч кунлик муддатда, телеграммалар эса дарҳол амалга оширилади.

Шикоятлар кўриб чиқилаётганда, шунингдек фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатлари бузилган ҳолларни ўз ташаббуси билан текшираётганда Вакил жазони ижро этиш муассасаларига, қамоқда сақлаш жойларига ва махсус қабулхоналарга монеликсиз кириш ҳуқуқига эга. Мазкур муассасаларнинг маъмурияти Вакилнинг хавфсизлигини таъминлайди.

Қамоқда сақлаш жойининг маъмурияти Вакилга қамоқда турган шахслар билан монеликсиз ва холи учрашуви ва суҳбати учун зарур шарт-шароитларни таъминлаши шарт, учрашувлар ва суҳбатлар қамоқда сақлаш жойи ходимлари уларни кўриб турадиган, лекин эшитмайдиган шароитларда ҳоли ўтказилади»;

8) 19-модда қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Вакил томонидан шикоятлар кўриб чиқилаётганда арз қилувчининг жинси, ирқи, миллати, тили, дини, ижтимоий келиб чиқиши, эътиқоди, шахсий ва ижтимоий мавқеига қараб камситишга йўл қўйилмайди»;

9) 20-модда:

биринчи қисм «бўйича комиссия» деган сўзлардан кейин «(бундан буён матнда Комиссия деб юритилади)» деган сўзлар билан тўлдирилсин;

қуйидаги мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Комиссия таркиби нодавлат нотижорат ташкилотлари, оммавий ахборот воситаларининг вакиллари, инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасида касбий ва амалий билимларга эга бўлган олимлар жумласидан тузилади. Комиссия таркибига маслаҳат овози ҳуқуқи билан ижро этувчи ҳокимият органларининг вакиллари ҳам кириши мумкин»;

иккинчи ва учинчи қисмлари тегишинча учинчи ва тўртинчи қисмлар деб ҳисоблансин;

қуйидаги мазмундаги бешинчи қисм билан тўлдирилсин:

«Ўз ваколатлари муддати ўтгач Комиссия янги Вакил сайланганга қадар ўз ваколатини бажаришни давом эттиради»;

10) қуйидаги мазмундаги 201 – 208-моддалар билан тўлдирилсин:

“201-модда. Вакилнинг қонун ҳужжатларини такомиллаштириш

бўйича фаолияти

Вакил қонунчилик ташаббуси ҳуқуқи субъектлари кўриб чиқиши учун қонунларни ишлаб чиқиш ва қабул қилиш, қонунларга ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш, шунингдек Ўзбекистон Республикасининг халқаро шартномаларда иштирок этиши юзасидан таклифлар киритишга ҳақли.

Вакил қонунлар ва бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳаларини тайёрлаш бўйича ишчи гуруҳлар фаолиятида иштирок этиши, лойиҳаларнинг экспертизасини ўтказиши, шунингдек Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг мажлисларида ҳозир бўлиши ҳамда муҳокама этилаётган қонун лойиҳалари бўйича уларга таклифлар ва мулоҳазалар киритиши мумкин.

202-модда. Вакилнинг инсон ҳуқуқлари соҳасида фуқароларнинг

ҳуқуқий онги ва ҳуқуқий маданиятини юксалтириш

бўйича фаолияти

Вакил фуқароларнинг Ўзбекистон Республикаси қонунлари, бошқа норматив-ҳуқуқий ҳужжатлари ва халқаро шартномалари, халқаро ҳуқуқнинг умумэътироф этилган принциплари ҳамда нормалари тўғрисидаги билими ва хабардорлигини ошириш чора-тадбирларини кўради.

Вакил маърифий ва таълим дастурларини ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилиш воситалари, усуллари ва механизмларига ўқитишга қаратилган илмий-амалий тадбирлар ҳамда семинарларда иштирок этади.

203-модда. Вакилнинг халқаро ҳамкорликни ривожлантириш

бўйича фаолияти

Вакил инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ташкилотларга аъзо бўлиб киришга, чет давлатларнинг инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи муассасалари ва нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликни ривожлантиришга ҳақли.

Вакил Ўзбекистон Республикасининг инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги халқаро шартномаларнинг бажарилиши тўғрисида инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи халқаро ҳамда хорижий муассасаларнинг хабардорлигини оширишга кўмаклашади.

204-модда. Вакилнинг минтақавий вакили

Вакил Комиссия аъзолари орасидан ўзининг Қорақалпоғистон Республикаси, вилоятлар ва Тошкент шаҳридаги вакилини (бундан буён матнда Вакилнинг минтақавий вакили деб юритилади) тайинлайди.

Вакилнинг Минтақавий вакили қуйидаги ҳуқуқларга эга:

тегишли минтақада яшовчи фуқароларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва кўриб чиқиш, уларнинг бузилган ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини тиклашда кўмаклашиш;

маҳаллий давлат ҳокимияти органларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, корхоналар, муассасалар, ташкилотларга ва уларнинг мансабдор шахсларига аниқлаштирилиши лозим бўлган ҳолатлар юзасидан текшириш ўтказишда кўмаклашишни сўраб мурожаат қилиш, шунингдек улардан кўриб чиқилаётган масалалар бўйича ҳужжатлар, материаллар ҳамда бошқа маълумотларни сўраш ва олиш;

инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этиш ва уларни ҳимоя қилиш соҳасида ахборот-маърифий ишларни, шу жумладан маҳаллий давлат ҳокимияти органлари, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари билан ҳамкорликда ахборот-маърифий ишларни амалга ошириш.

Вакилнинг Минтақавий вакили қуйидаги мажбуриятларни бажариши шарт:

ўз фаолияти тўғрисида ҳар чоракда Вакилга ахборот тақдим этиш;

аризачининг шахсий ҳаёти тўғрисидаги маълумотларни, шунингдек шикоятларни текширишга доир ахборотни Вакилнинг рухсатисиз ва розилигисиз ошкор этмаслик.

Вакилнинг Минтақавий вакили қонун ҳужжатларига мувофиқ бошқа ҳуқуқларга ҳам эга бўлиши ва бошқа мажбуриятларни ҳам бажариши мумкин.

Маҳаллий давлат ҳокимияти органлари қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда Вакилнинг Минтақавий вакили фаолиятига кўмаклашади.

Вакилнинг Минтақавий вакили инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини ҳимоя қилишга доир фаолият тўғрисида ҳар йили Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенесини, халқ депутатлари вилоятлар ва Тошкент шаҳар Кенгашларини хабардор қилади.

Вакилнинг Минтақавий вакилига Вакил томонидан имзоланадиган гувоҳнома берилади.

205-модда. Вакилнинг парламент назорати бошқа субъектлари билан ўзаро ҳамкорлиги

Вакил мурожаатларни кўриб чиқиш, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларининг бузилиши ҳолатларини ўз ташаббусига кўра текшириш билан боғлиқ материалларни ҳар чоракда умумлаштириб боради.

Вакил инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари, шунингдек жамият ва давлат манфаатлари бузилишига олиб келувчи сабаблар ҳамда шарт-шароитларни умумлаштириш ва аниқлаш натижаларига кўра Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг қўмиталарига давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари вакилларининг ахборотларини эшитиш масаласини кўриб чиқиш тўғрисидаги таклиф билан мурожаат қилиш мумкин.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси палаталарининг парламент назоратини амалга оширишга доир тадбирларида иштирок этишга, уларга кўриб чиқилаётган масалалар юзасидан материаллар тақдим этишга ҳақлидир.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг палаталарига инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлашга доир айрим масалалар юзасидан маъруза киритиши мумкин.

206-модда. Вакилнинг Ўзбекистон Республикаси Конституциявий суди билан ўзаро ҳамкорлиги

Вакил Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг кўриб чиқиши учун қонунга мувофиқ масалалар киритиш ҳуқуқига эга.

Вакил Ўзбекистон Республикаси Конституциявий судининг мажлисида иштирок этиши мумкин ва суд кўриб чиқаётган барча масалалар юзасидан ўз нуқтаи назарини баён этишга ҳақлидир.

207-модда. Вакилнинг нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорлиги

Вакил ўз ваколатлари доирасида мамлакатни ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастурларини, шу жумладан тармоқ ва ҳудудий дастурларни, шунингдек инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ва бошқа қарорларни ишлаб чиқиш ҳамда амалга оширишда нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан ўзаро ҳамкорликни амалга оширади.

Вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари вакилларининг Вакил томонидан тузиладиган ишчи ва эксперт гуруҳлари, комиссиялар ва бошқа жамоатчилик-маслаҳат органлари фаолиятида иштирок этиш учун зарур шароитлар яратади.

Вакил инсон ҳуқуқлари ва эркинликлари соҳасидаги мавжуд материаллар тўғрисидаги ахборотни нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда алмашишни амалга оширади.

Вакил нодавлат нотижорат ташкилотлари ва фуқаролик жамиятининг бошқа институтлари билан биргаликдаги тадбирлар, маслаҳатлашувлар ва музокаралар ўтказиши мумкин, шунингдек ижтимоий шериклик тўғрисида битимлар ва шартномалар тузиши мумкин.

208-модда. Вакил фаолиятининг очиқлиги

Вакил манфаатдор шахсларнинг, шунингдек оммавий ахборот воситаларининг Вакил фаолияти тўғрисидаги ахборотлардан қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда эркин фойдаланишини таъминлайди.

Вакил ўз фаолияти тўғрисидаги ахборотни Вакилнинг расмий веб-сайтида жойлаштиради ва янгилаб туради, ҳисоботлар, маърузалар ва бошқа материалларни оммавий ахборот воситаларида эълон қилиб боради.

Вакил ўз матбуот органини таъсис этиши ва бошқа матбуот нашрларининг ҳаммуассиси бўлиши мумкин»;

11) 21-модданинг учинчи қисми қуйидаги таҳрирда баён этилсин:

«Вакилнинг фаолиятини моддий ва бошқа жиҳатлардан таъминлаш Ўзбекистон Республикасининг Давлат бюджети маблағлари ҳисобидан амалга оширилади ва унда алоҳида модда билан назарда тутилади ».

2-модда. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси:

ҳукумат қарорларини ушбу Қонунга мувофиқлаштирсин;

давлат бошқаруви органлари ушбу Қонунга зид бўлган ўз норматив-ҳуқуқий ҳужжатларини қайта кўриб чиқишлари ва бекор қилишларини таъминласин;

ушбу Қонуннинг ижро этилишини, ижрочиларга етказилишини ҳамда унинг моҳияти ва аҳамияти аҳоли ўртасида тушунтирилишини таъминласин.

3-модда. Ушбу Қонун расмий эълон қилинган кундан эътиборан кучга киради.

Ўзбекистон Республикасининг

Президенти

Manba: ko'rsatilmagan
Ko'rishlar: 1118
Created with Snap
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech