Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
26 Feb 2020

2020 йил 25 февраль куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатасининг навбатдаги мажлиси бўлиб ўтди. Унда депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман)нинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни эшитдилар.

Ушбу масала дастлаб сиёсий партиялар фракциялари мажлисларида батафсил муҳокама қилинган эди. Муҳокамалар чоғида депутатлар томонидан Ҳаракатлар стратегияси доирасида белгиланган вазифаларни ҳал этишда Омбудсманнинг бевосита иштирок этиши орқали унинг фаолияти сифатини оширишга қаратилган таклифлар билдирилди.

Мажлисда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили У. Муҳаммадиев ҳисобот билан сўзга чиқди.

Омбудсман фуқароларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш, норматив-ҳуқуқий ҳужжатларнинг инсон ҳуқуқларига оид нормаларини янада такомиллаштириш, аҳолининг ҳуқуқий маданиятини юксалтириш, фуқаролик жамияти институтлари, халқаро ва хорижий ташкилотлар билан ҳамкорликни ривожлантириш юзасидан белгиланган чора-тадбирларнинг бажаралиши тўғрисида депутатларга батафсил маълумот берди.

2019 йилда Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М. Мирзиёев ташаббуси билан халқимиз фаровонлиги йўлида кенг кўламли ислоҳотлар олиб борилди. Бу ислоҳотлар натижасида миллий давлатчилигимиз пойдевори мустаҳкамланиб, ҳар бир фуқаро ва оила фаровонлиги, қонун устуворлиги, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда манфаатлари таъминланди.

Қайд этилганидек, мамлакатимиз учун 2019 йил инсон ҳуқуқларини рўёбга чиқариш, халқимизнинг конституциявий ҳуқуқ ва эркинликларини амалга оширишда муҳим аҳамиятга эга йирик воқеаларга бой кечди.

“2017-2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси” ва уни “Фаол инвестициялар ва ижтимоий ривожланиш йили”да амалга оширишга оид Давлат дастури доирасида қабул қилинган 70 дан ортиқ қонун, 350 дан зиёд Президент фармони ва қарорлари Конституция ва қонун устуворлигини таъминлашда, парламент ва жамоатчилик назоратини янада кучайтиришга, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштиришга, қулай инвестиция муҳитини яратишга, таъсирчан ижтимоий сиёсат олиб боришга хизмат қилмоқда.

2019 йилда ҳам инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда қонуний манфаатларини ҳимоя қилиш давлат сиёсатида устувор аҳамият касб этди.

Хусусан, мамлакатда узоқ вақтдан бери яшаб келаётган, лекин Ўзбекистон фуқароси деган ҳуқуқий мақомга эга бўла олмаётган 5 минг 868 нафар шахс Ўзбекистон фуқаролигига қабул қилинди.

Муваффақиятли амалга оширилган “Меҳр” ва “Меҳр-2” инсонпарварлик тадбирлари доирасида Яқин Шарқдаги қуролли можаролар майдонидан, Афғонистондан 261 нафар фуқаро, асосан аёллар ва болалар юртимизга қайтариб олиб келинди. Уларга зарур тиббий ва моддий ёрдам кўрсатилди.

Сўнгги йилларда, давлатимиз инсонпарварлик сиёсатининг ҳамда халқимизга хос эзгулик ва меҳр-оқибат, кечиримли бўлиш каби олижаноб фазилатларнинг амалий тасдиғи сифатида "Жазо муддатини ўтаётган, қилмишига чин кўнгилдан пушаймон бўлган ва тузалиш йўлига қатъий ўтган бир гуруҳ шахсларни афв этиш тўғрисида" Ўзбекистон Республикаси Президентининг бир нечта Фармонлари қабул қилиниб, 4 мингдан зиёд шахс жазони ўташ жойларидан озод қилинди.

Инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилувчи Халқаро ташкилотларнинг доимий эътирозига сабаб бўлиб келган Жаслиқ қўрғонида жойлашган 19-сон ихтисослаштирилган жазони ижро этиш колониясини тугатиш ҳақидаги Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори қабул қилиниши инсонпарвар сиёсатнинг яна бир амалий намунаси бўлди.

Шунингдек, ўтган йилда инсон ҳуқуқ ва эркинликлари ҳамда уларнинг қонуний манфаатларини ҳимоя қилишда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) фаолиятининг ҳуқуқий асослари такомиллаштирилди. Хусусан, 2019 йилда Ўзбекистон Республикасининг “Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакили (Омбудсман) тўғрисида”ги Қонунига ўзгартиш ва қўшимчалар киритилди. Омбудсман ҳузурида миллий превентив механизм институти жорий этилди. Унга мувофиқ Вакил қамоқда сақлаш жойларига мунтазам кириб туриш орқали қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича чоралар кўради.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси Кенгашининг ва Олий Мажлис Сенати Кенгашининг Қўшма қарори билан Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилнинг қийноққа солиш ва бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситувчи муомала ҳамда жазо турларини қўллашнинг олдини олиш бўйича фаолиятига кўмаклашувчи эксперт гуруҳи тўғрисидаги Низом тасдиқланди.

Мазкур ваколат доирасида 2019 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Вакил (омбудсман) томонидан биринчи маротаба “Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенцияда”ги мажбуриятларнинг бажарилиши юзасидан Омбудсманнинг Муқобил маърузаси БМТнинг қийноқларга солишга қарши қўмитасига тақдим этилди.

Омбудсман томонидан фаолиятнинг бош йўналиши сифатида қамоқда сақланаётган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича ҳам изчил ишлар олиб борилди. Тасдиқланган “Қийноққа солишнинг ва муомалада бўлиш ҳамда жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларининг олдини олишга доир назорат-таҳлил тадбирларини ташкил этиш ва ўтказиш жадвали” доирасида миллий превентив механизм мандати билан қамраб олинадиган 30 яқин муассасага йил давомида парламент палаталари билан биргаликда мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мазкур ташрифларда депутатлар корпуси, инсон ҳуқуқларини ҳимоя қилиш бўйича миллий институтлар, нодавлат нотижорат ташкилотлари ва БМТ Болалар жамғармаси вакиллари қатнашди.

Мамлакатимизда оналик ва болаликни қўллаб-қувватлаш, болаларнинг маънавий ва жисмоний ривожланиши учун шарт-шароитлар яратиш, шунингдек, БМТнинг Бола ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенцияси талабларига риоя этилишини таъминлаш мақсадида Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Бола ҳуқуқлари кафолатларини янада кучайтиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги (22.04.2019 й. №4296-ПҚ) Қарори қабул қилинди. Мазкур Қарорга мувофиқ Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўринбосари — Бола ҳуқуқлари бўйича вакил лавозими жорий этилди ва Котибият тузилмасида бола ҳуқуқларини таъминлаш фаолиятига кўмаклашувчи бошқарув ходимларининг чекланган сони 2 нафардан иборат сектор тузилди.

2019 йилда Омбудсман номига Ўзбекистон Республикаси, хорижий давлатлар фуқаролари ва омбудсманлари, жамоат ташкилотлари ва бошқа юридик шахслардан жами 12 822 та (2018 йилда – 10 832 та) мурожаат келиб тушди. Мурожаатларнинг 38,8 фоизи инсон ва фуқаронинг шахсий ҳуқуқ ва эркинликларига, 31,6 фоизи ижтимоий, 25,3 фоизи иқтисодий, 3,5 фоизи сиёсий ва 0,8 фоизи экологик ҳуқуқларга тегишлидир.

Омбудсманнинг халқаро алоқалари ҳисобот йилида анча кенгайди. Хусусан, 18 та халқаро тадбир ташкил этилди, 57 та тадбирда, шу жумладан 31 та тадбирда маъруза билан иштирок этилди. Шундан 17 та маъруза хорижий мамлакатларда ўтказилган тадбирларда янгради, хорижий давлатларнинг 21 нафар омбудсмани билан, шунингдек халқаро ва хорижий институтларнинг 31 та делегацияси билан учрашувлар ўтказилди.

Айниқса, инсон ҳуқуқлари соҳасидаги халқаро институтлар билан ҳамкорликни янада ривожлантириш мақсадида Омбудсман 2019 йилда Миллий ҳуқуқни ҳимоя қилиш муассасалари Глобал Альянсининг Женевадаги навбатдаги мажлисида кузатувчи сифатида иштирок этди. Ушбу нуфузли ташкилотга аъзо бўлиш ҳамда аккредитациядан ўтиш масаласи жорий йилда Глобал Альянснинг навбатдаги мажлиси муҳокамаси кун тартибига киритилган.

Хорижий мамлакатлар омбудсманлари билан икки томонлама муносабатларни ривожлантириш Ўзбекистон парламент омбудсмани фаолиятининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади. Ҳисобот даврида Вакил Россия ва Болгария Омбудсманлари билан икки томонлама меморандумлар имзолади.

Омбудсман ҳисоботини муҳокама қилиш мобайнида сиёсий партиялар фракцияларининг ва Ўзбекистон Экологик ҳаракати депутатлар гуруҳининг вакиллари сўзга чиқдилар. Улар томонидан давлатимиз раҳбарининг  Конституциямиз қабул қилинганининг 27 йиллигига бағишланган тантанали маросимдаги нутқи ҳамда Олий Мажлисга Мурожаатномасидан келиб чиқувчи вазифаларни амалга оширишга доир тавсия ва таклифлар билдирилди.

Бир сўз билан айтганда, Омбудсманнинг 2019 йилдаги фаолиятига доир ҳисоботи танқидий-таҳлилий кўриб чиқилди. Шундан сўнг муҳокамалар давомида билдирилган фикр-мулоҳазаларни инобатга олган ҳолда, депутатлар Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) нинг 2019 йилдаги фаолияти тўғрисидаги ҳисоботни маъқулладилар ва тегишли қарор қабул қилдилар.

 

Manba: ko'rsatilmagan
Ko'rishlar: 138
Created with Snap
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech