Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
31 Oct 2019

2019 йил 29 октябрь куни Ўзбекистон Республикаси Марказий сайлов комиссияси ва Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ўртасида Ҳамкорлик тўғрисида меморандум имзоланди.

Меморандум очиқлик ва ошкоралик, умумий, тенг, тўғридан-тўғри сайлов ҳуқуқи ва яширин овоз бериш демократик принциплари асосида Олий Мажлис Қонунчилик палатасига, халқ депутатлари вилоят, туман ва шаҳар Кенгашларига сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказиш жараёнида фуқароларнинг конституциявий сайлов ҳуқуқларини сўзсиз рўёбга чиқаришни таъминлашга қаратилган. Томонларнинг ҳамкорлиги сайлов жараёнининг барча субъектлари Ўзбекистон Республикаси Сайлов кодекси нормаларини бир хилда қўллашга риоя этаётганлигини самарали назорат қилишга кўмаклашади.

Фуқароларнинг сайлов маданиятини ошириш, мурожаатларини кўриб чиқиш, мониторинг тадбирларини ташкил этиш, сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг ҳуқуқий ҳамда амалий жиҳатларини янада такомиллаштириш бўйича таклифлар ишлаб чиқиш ҳамкорликнинг асосий йўналишлари ҳисобланади.

Озодликдан маҳрум этиш жойларида сақланаётган фуқароларнинг, жамият учун катта хавф туғдирмайдиган ва унча оғир бўлмаган жиноятлар содир этганлиги учун ҳукм қилинган шахсларнинг сайловда иштирок этиши Сайлов кодексига киритилган муҳим янгиликлардан бири бўлди. Мамлакатнинг ижтимоий ва сиёсий ҳаётини эркинлаштириш, суд-ҳуқуқ соҳасини ислоҳ қилиш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига риоя этилиши устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича ислоҳотлар доирасида Омбудсманнинг жазони ижро этиш муассасаларини, қамоқда сақлаш жойларини, махсус қабулхоналарни, шунингдек шахслар ўз ихтиёри билан чиқиб кета олмайдиган бошқа муассасаларни монеликсиз бориб кўриши учун шарт-шароитлар яратилди.

Томонлар бундай битим илк маротаба имзоланаётганлигини ва у бўлажак сайловнинг “2019 йил 22 декабрь. “Янги Ўзбекистон – янги сайловлар” деб номланган шиорига мос келишини таъкидлашди.

Омбудсман сайлов жараёнида иштирок этиш юзасидан маълум тажрибага эга. 2016 йилги Президент сайлови кампанияси доирасида Омбудсман томонидан Марказий сайлов комиссияси, Ўзбекистондаги ЕХҲТ лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва Конрад Аденауэр номидаги жамғарманинг Марказий Осиёдаги ваколатхонаси билан биргаликда Ўзбекистон Республикасида сайловга тайёргарлик кўриш ва уни ўтказишнинг демократик асосларини, сайловда аҳолининг алоҳида эътиборга муҳтож бўлган қатламлари иштироки хусусиятларини очиб бериш юзасидан қатор халқаро тадбирлар ўтказилди. Шу билан бирга Омбудсман томонидан сайлов ҳуқуқларини амалга ошириш масалалари бўйича фуқароларнинг мурожаатларини кечаю кундуз қабул қиладиган ва уларга маслаҳат берадиган бепул телефон линияси ташкил этилди.

Бўлажак сайлов жараёнида Омбудсман жазони ижро этиш муассасаларида ва кексалар ҳамда ногирон бўлган шахслар сақланадиган ижтимоий муассасаларда қатор маърифий тадбирлар ўтказишни, сайлов участкаларидаги ускуналарнинг қонун ҳужжатлари талабларига мослигини ўрганишни, сайлов куни фуқаролар хоҳиш-истакларини билдиришда тартибга риоя этилиши устидан мониторинг уюштиришни режалаштирмоқда. Омбудсманнинг “10-96” бепул тўғридан-тўғри телефон линияси ишлайди, шу жумладан сайлов куни туну кун фаолият юритади.

Омбудсманнинг жазони ижро этиш муассасаларидаги қатор маърифий тадбирлари 2019 йил 31 октябрдан бошланади. 

  

        

 

Олий Мажлиснинг

Инсон ҳуқуқлари бўйича

вакили (омбудсман)

матбуот хизмати
Manba: ko'rsatilmagan
Ko'rishlar: 843
Created with Snap
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech