Размер шрифта: A A A
Цвет сайта: A A A A
17 Jul 2020

2020 йил 17 июлда Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳамда “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати ҳамкорлигида Халқаро Нельсон Мандела куни муносабати билан “Суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимини либераллаштириш: миллий ва халқаро тажриба” мавзусида халқаро онлайн-конференция ўтказилди.

Халқаро онлайн-конференция БМТ оиласидаги ташкилотлар ҳамда ЕХҲТнинг Ўзбекистон Республикасидаги лойиҳалари мувофиқлаштирувчиси ва “Халқаро қамоқхоналар ислоҳоти”нинг Марказий Осиёдаги минтақавий ваколатхонаси билан ҳамкорликда ўтказилди.

Конференцияда Марказий Осиё давлатлари омбудсманлари, халқаро ва миллий экспертлар, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенати аъзолари, давлат органлари, фуқаролик жамияти, шунингдек, мамлакатда аккредитациядан ўтган халқаро ва хорижий ташкилотлар вакиллари иштирок этдилар.

Конференция давомида иштирокчилар суд ҳокимияти мустақиллигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликлари кафолатларини кучайтириш, суд-тергов фаолиятида қонун ҳужжатлари талаблари ва нормалари ижроси устидан парламент ва жамоатчилик назоратини кучайтириш, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Президенти томонидан озодликдан маҳрум этиш жазосини ўтаётган шахсларни афв этиш тўғрисида қабул қилинган фармонлари асосида амалга оширилаётган ислоҳотларни алоҳида таъкидлаб ўтдилар. Шу билан бир қаторда, жорий йилнинг июнь ойида Ўзбекистон Республикаси Президенти Фармони билан тасдиқланган Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегиясининг қабул қилиниши муҳим воқеа бўлганлигига алоҳида тўҳталиб ўтилди.

Тадбир давомида Қозоғистон ва Қирғизистон Республикаси омбудсманларининг суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимни либераллаштириш соҳасида ўз мамлакатларининг тажрибаси тўғрисидаги чиқишлари тингланди.

Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) иштирокчиларга қамоқда сақланаётган шахсларнинг ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш устидан парламент назоратини кучайтириш бўйича олиб борилаётган аниқ ва мақсадли ишлар, Омбудсман ҳузуридаги қийноқларнинг олдини олиш бўйича Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида жазони ижро этиш муассасаларига доимий равишда амалга оширилаётган мониторинг ташрифлари тўғрисида маълумот берди.

Жумладан, мониторинг гуруҳларида фуқаролик жамияти институти вакиллари, шунингдек, Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Қонунчилик палатаси депутатлари ва Сенат аъзолари иштирок этаётганлиги, фақатгина, 2020 йилнинг биринчи ярмида Омбудсман томонидан 14 та жазони ижро этиш колонияси, 12 та манзил-колония, 3 та тергов ҳибсхонаси, 6 та вақтинча сақлаш ҳибсхонаси, 2 та ички ишлар органларининг бўлимлари, 2 та ички ишлар органларининг муайян яшаш жойига эга бўлмаган шахсларни реабилитация қилиш маркази, 2 та маъмурий қамоққа олинган шахсларни сақлаш учун мўлжалланган махсус қабулхоналарда, жами 41 та мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Коронавирус пандемияси даврида ҳам шахсий ҳимоя воситаларидан фойдаланган ҳолда 10 та пенитенциар муассасага (шундан, 4 та жазони ижро этиш колонияси ва 6 та манзил колония) ташриф буюрилди.

Миллий превентив механизм (МПМ) доирасида Бола ҳуқуқлари бўйича вакил ҳам доимий равишда вояга етмаганлар сақланадиган муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга оширмоқда.

Конференция қатнашчилари БМТнинг Қийноқларга солишга ва муомалада бўлиш ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни таҳқирловчи турларига қарши Конвенциясининг Факультатив протоколини ратификация қилишнинг муҳимлигини, миллий превентив механизм ўз фаолиятида фуқаролик жамиятини кенгроқ жалб қилиши, ҳокимият органлари билан доимий мулоқотни қўллаб-қувватлаши, Нельсон Мандела қоидаларига мувофиқ озодликдан маҳрум бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини ҳимоя қилиш ва уларга бўлган муносабатларни яхшилашга ёрдам бериши, бу эса амалга оширилаётган пенитенциар ислоҳотлар жараёнида ҳокимият органлари учун ишончли маълумот ва таҳлил манбаи бўлиши мумкинлигини таъкидладилар.

Конференция якуни бўйича суд-ҳуқуқ ва пенитенциар тизимни либераллаштириш, адвокатларнинг мустақиллигини том маънода таъминлаш, шунингдек, қамоқ ва қамоқда сақлаш жойларида МПМ доирасида парламент ва жамоат назоратини кучайтириш ҳамда инсон ҳуқуқлари ва эркинликларига таъсир этувчи қонун ижодкорлиги жараёнини очиқ ва фуқаролик жамияти билан маслаҳатлашган ҳолда ташкил этиш борасида бир қатор тавсиялар ишлаб чиқилди.

Тадбир якунида, халқаро ва миллий экспертлар конструктив ҳамкорликни давом эттиришга, инсон ҳуқуқлари ва эркинликларини таъминлаш соҳасида ҳамда суд ва ҳуқуқни қўллаш амалиётини такомиллаштириш бўйича ўзаро тажриба алмашиб боришга келишиб олдилар.

 

 

 

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича

Вакили (Омбудсман) Матбуот хизмати

 

 

 

 DSC_6235.JPG

 

DSC_6275.JPG


DSC_6298.JPG


DSC_6302.JPG


18 (1).JPG


IMG_8775.JPG

 

IMG_8870.JPG


IMG_8875.JPG


IMG_8877.JPG


IMG_8886.JPG


IMG_8888.JPG


IMG_8890.JPG


IMG_8906.JPG


IMG_8916.JPG


IMG_8931.JPG



Manba: ko'rsatilmagan
Ko'rishlar: 60
Created with Snap
Belgilangan matnni tinglash uchun quyidagi tugmani bosing Powered by GSpeech