Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқлари — олий қадрият
Мамлакатимизда инсон, унинг ҳаёти, эркинлиги, шаъни, қадр-қиммати ва бошқа дахлсиз ҳуқуқлари олий қадрият ҳисобланади. Хўш, кейинги йилларда “Инсон қадри улуғ” принципи асосида қандай чора-тадбирлар амалга оширилмоқда? Умуман, инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликларини муҳофаза қилишнинг таъсирли воситасини барпо этиш, халқаро ташкилотлар ва ҳуқуқни муҳофаза қилувчи органлар билан ҳамкорликни кенгайтириш борасидаги ишлардан халқимиз розими?

Шу ва бошқа саволлар билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматовага юзландик.

— Мамлакатимизда Инсон ҳуқуқлари бўйича Миллий стратегия қабул қилинди. Ушбу ҳужжат мазмун-моҳияти ва аҳамиятини қандай изоҳлайсиз? Умуман, бугунги кундаги Миллий стратегия ижроси ҳамда юртимизда инсон ҳуқуқлари билан боғлиқ туб ислоҳотлар ҳақида фикрларингизни билмоқчи эдик.

— Ўзбекистон Республикасида барча тенг ҳуқуқ ва мажбуриятга эга. Эътироф этиш жоизки, мамлакатимизда инсоннинг асосий ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш Ўзбекистондаги ислоҳотларнинг ўзаги ҳисобланади.

Айниқса, инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасидаги ислоҳотлар бевосита 2017 — 2021 йилларда Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегияси билан чамбарчас боғлиқ.

Мазкур тарихий ҳужжат доирасида қонун устуворлигига эришиш, суд-ҳуқуқ тизимини такомиллаштириш, жазо турларини либераллаштириш, қийноқларнинг олдини олиш, гендер тенглигини, шунингдек, очиқлик ва шаффофликни таъминлаш, сўз эркинлигини мустаҳкамлаш, қолаверса, инсонпарварлик тамойили асосида йўлдан адашганларга яна бир имкон бериш ҳамда уларни жамиятга мослаштириш борасида салмоқли ишлар амалга оширилди. 2020 йилда Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикасининг Миллий стратегияси қабул қилингани ҳам инсон ҳуқуқларини таъминлаш борасида қўйилган муҳим қадамлардан бири бўлди.

Қайд этишим лозимки, Миллий стратегиянинг 58-бандида Қийноқларнинг олдини олиш бўйича институционал механизмларни такомиллаштириш масаласи белгиланган эди. Ушбу банд ижросига тўхталадиган бўлсам, давлат раҳбарининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори билан қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини халқаро ҳуқуқнинг инсон ҳуқуқлари соҳасидаги умумэътироф этилган принциплари ва нормаларига мувофиқлаштириш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларнинг тезкор ва холисона кўриб чиқилиши ҳамда айбдор шахсларнинг муқаррар жавобгарликка тортилиши механизмини такомиллаштириш, қийноққа солишдан жабрланганларга ижтимоий, ҳуқуқий, психологик ва тиббий ёрдам кўрсатилишини ҳамда уларга етказилган зарарнинг компенсация қилинишини таъминлаш, қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш фаолиятига фуқаролик жамияти институтларини кенг жалб этиш каби масалалар устувор йўналишлар сифатида белгиланди ва Омбудсман ҳузуридаги миллий превентив механизм (МПМ) фаолияти янада такомиллаштирилди.

Жумладан, Омбудсман ҳузуридаги эксперт гуруҳи негизида Омбудсман ҳузуридаги Қийноқ ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш бўйича жамоатчилик гуруҳлари ташкил қилинди. Улар зиммасига қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ҳамда уларни тезкор бартараф этиш бўйича талабномаларни тегишли давлат органига тақдим қилиш, қийноққа солиш ҳолатлари тўғрисидаги мурожаатларни кўриб чиқишда иштирок этиш каби вазифалар юклатилди.

Ўтган 2021 йил давомида Омбудсман ва унинг ҳузуридаги жамоатчилик гуруҳлари томонидан ҳаракатланиш эркинлиги чекланган шахслар сақланадиган жойларга 177 маротаба, 2022 йилнинг биринчи ярим йиллигида эса 156 маротаба мониторинг ташрифлари амалга оширилди. Мазкур ташрифлар очиқ ва шаффоф ҳолда ёритиб бориляпти.

Қолаверса Миллий стратегиянинг 59-банди ижросини таъминлаш мақсадида Омбудсман институти томонидан озодликдан маҳрум қилиш жойларида жазо муддатини ўтаётган шахслар ҳуқуқлари ҳимоясининг ташкилий-ҳуқуқий механизмларини такомиллаштириш, шу жумладан, пенитенциар муассасалар ходимларини мунтазам ўқитишни ташкил этиш, маҳкумлар ҳуқуқларига бағишланган ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ва чоп қилиш бўйича ишлар ҳам амалга ошириб келинмоқда. Жумладан, “Ўзбекистон Республикаси пенитенциар тизимининг такомиллаштирилиши: қонунчилик ва амалиёт” номли рисола нашр этилди. Шунингдек, халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда пенитенциар муассасалар ходимларининг малакасини оширишга қаратилган қатор семинар-тренинглар ўтказилди.

Қайд этиш лозимки, Президент Шавкат Мирзиёев томонидан 2021 йил 22 февраль куни БМТ Инсон ҳуқуқлари бўйича кенгашининг 46-сессиясидаги нутқида имконияти чекланган шахсларнинг ўз қобилиятини тўла рўёбга чиқариш масалалари бўйича Минтақавий кенгаш тузиш таклифи билдирилган ва Ўзбекистонда алоҳида эҳтиёжга эга бўлган шахсларнинг ҳуқуқларини таъминлашга жиддий эътибор қаратилаётгани таъкидланган эди.

Миллий стратегияда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқларини ҳимоя қилиш соҳаларида ҳуқуқни қўллаш амалиётини янада такомиллаштириш вазифаси ҳам белгиланган. 2020 йилнинг 15 октябрь куни мамлакат Президенти томонидан янги таҳрирдаги “Ногиронлиги бўлган шахсларнинг ҳуқуқлари тўғрисида”ги Қонун имзоланди.

Юртбошимизнинг халқаро ташаббуси доирасида, мамлакатимиз парламенти томонидан Ногиронлар ҳуқуқлари тўғрисидаги конвенция ратификация қилинди. Бу билан мамлакатимизда ногиронлиги бўлган шахслар ҳуқуқлари ҳимояси бўйича қонунчиликнинг ҳам миллий, ҳам халқаро асослари мустаҳкамланди.

Умуман олганда, Миллий стратегиянинг ижроси юзасидан салмоқли ишлар қилинди. Айтилганлари унинг бир қисми, холос.

— Сир эмаски, мажбурий ва болалар меҳнати кўп йиллардан буён жиддий муаммо бўлиб келди. Бугун эса мажбурий ва болалар меҳнати тўлиқ тугатилди. Айтинг-чи, мана шу натижаларга эришиш учун ва муаммони бартараф этишда дастлаб нималарга эътибор қаратилди ҳамда яна нималарга аҳамият берилиши керак, деб ҳисоблайсиз?

— Айтиш жоизки, давлатимиз раҳбарининг сиёсий иродаси ҳамда мавжуд ҳолатга тизимли ёндашув асосида кўрилган комплекс чоралар самараси ўлароқ мамлакатимизда болалар меҳнатига ва мажбурий меҳнатга батамом чек қўйилди. Бу жараённи халқаро экспертлар катта қизиқиш билан кузатиб туришди. Чунки уларнинг фикрича, Халқаро меҳнат ташкилотига аъзо давлатлардан фақатгина Ўзбекистон қисқа муддатда мана шундай яхши натижага эришди ва бунда тўғри ҳамда самарали йўл танланди.

Бу натижага эришишда катта эътибор, авваламбор, миллий қонунчиликни халқаро стандартларга имплементация қилиш, уни такомиллаштириш, ривожланган давлатларнинг илғор тажрибасини ўрганишга қаратилди. Изланиш ва тадқиқотлар натижасида ўтган 2019 — 2021 йиллар давомида миллий қонунчиликни такомиллаштириш мақсадида 32 та норматив-ҳуқуқий ҳужжат қабул қилинди, Халқаро меҳнат ташкилотининг қатор конвенциялари ратификациядан ўтказилди. Қолаверса, қишлоқ хўжалигини модернизациялаш борасида ҳам самарали натижаларга эришилди, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнат учун жиноий жавобгарлик чоралари кучайтирилди, белгиланган мақсадга эришишда барча давлат идоралари ва ташкилотлари жалб этилди ҳамда уларнинг фаолияти мувофиқлаштирилиб борилди.

Бундан ташқари, болалар меҳнати ва мажбурий меҳнатнинг олдини олиш борасида халқаро ташкилотлар ва хорижий давлатлар билан самарали ҳамкорлик қилинди.

Бу жараёнда жамоатчилик назоратининг, нодавлат нотижорат ташкилотлари, фуқаролик жамияти институтлари ва ОАВнинг ҳам алоҳида ҳиссаси борлигини қайд этишимиз лозим.

— Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) халқ билан мулоқотга кириша оляптими, умуман, фуқаролар мурожаатлари билан қай тартибда ишланмоқда?

— Омбудсман институтининг асосий фаолият йўналишларидан бири фуқаролар мурожаатлари билан ишлашдир. Ҳар қандай мамлакатдаги Омбудсман фаолияти самарадорлигини бевосита унга юборилаётган мурожаатлар статистикаси ва уларнинг ҳал этилишини таҳлил қилиш орқали ўрганиш мумкин.

Чунки Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилга халқнинг ишончи бўлсагина мурожаатлар юборилади. Шу нуқтаи назардан, “Омбудсман халқ билан мулоқотга кириша оляптими?” деган саволингизга Омбудсманга юборилаётган мурожаатлар сонининг ортиб бораётгани нуқтаи назаридан “Ҳа” деб жавоб бериш мумкин.

Қолаверса, Омбудсман фаолияти бўйича жамоатчиликни хабардор қилиш мақсадида ҳал этилган мурожаатлар ҳақидаги хабарлар, расмий муносабатлар, Омбудсман томонидан кўтариб чиқилаётган муаммоли масалалар, мониторинг ташрифлари, сайёр қабуллар, фуқаролар қабули ва бошқа йўналишлардаги саъй-ҳаракатларимизга оид хабарлар сайтимизда ва ОАВда эълон қилиб борилиши ҳам аҳолининг Омбудсман фаолиятидан кенг хабардор бўлиш имконини бермоқда.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилига фуқаролар Омбудсман ва унинг Котибияти ходимлари томонидан мунтазам равишда ҳафтанинг беш кунида (душанбадан жумагача) ўтказиб келаётган қабуллари орқали мурожаат қилишмоқда.

Қолаверса, “Ишонч телефони”, почта хизмати, электрон почта, Ўзбекистон Республикаси Президентининг виртуал қабулхонаси ҳамда www.pm.gov.uz интернет портали орқали ҳам мурожаатларни қабул қиляпмиз.

Хабарингиз бор, 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Президент Фармони билан Омбудсманнинг ҳудудлардаги фаолияти янада кучайтирилди. 2022 йилнинг 1 январидан буён Обудсманнинг минтақавий вакиллари доимий асосда фаолият юритмоқда. Бу аҳоли муаммолари ва масалаларининг бевосита жойида тезкорлик билан ҳал этилишига хизмат қилмоқда. Ombudsman.uz сайтимизда ҳозирда 12 та ҳудудда фаолият юритаётган Омбудсман минтақавий вакиллари, қабул кунлари, телефон рақами ва манзиллари кўрсатилган. Авваллари, Омбудсманнинг доимий асосда ишлайдиган ҳудудлардаги вакиллари бўлмагани боис мурожаатни жойига чиқиб ўрганиш имконияти чегараланган эди.

Ҳозирги кунда минтақавий вакилларимиз чекка-чекка ҳудудларга ҳам бориб, сайёр қабуллар ташкил этишмоқда, ҳаракатланиш эркинлиги чекланган ёпиқ муассасаларга мониторинг ташрифларини амалга оширишмоқда, жамоавий ва якка тартибдаги учрашувлар ўтказиб келиняпти. Жазони ижро этиш муассасалари, тергов ҳибсхоналари, манзил-колонияларига ҳам “Омбудсман қутилари” ўрнатилган бўлиб, улар орқали маҳкум ва маҳбуслар тўғридан-тўғри Омбудсманга мурожаат қилиши мумкин. Чунки бу қутиларни Омбудсман вакилидан бошқа ҳеч ким оча олмайди.

Омбудсман назоратига олинган мурожаатларнинг қай тартибда кўриб чиқилишига келсак, уларни ҳал этиш бўйича тегишли давлат идоралари ва ташкилотларга мурожаат қилингандан сўнг, унинг натижаси бўйича бизни хабардор этишади. Мурожаатлар билан ишлаш бўлими ходимлари эса маълумотни тасдиқлаш учун мурожаат муаллифи билан боғланишади. Баъзи ҳолларда суд қарорларининг вақтида ижро этилмаётгани, ҳоким қарорлари бажарилмай қолгани каби ҳолатлар ҳам учраб туради. Шундай ҳолларда яна тегишли давлат идоралари масъулларига алоқага чиқишга тўғри келади.

Шунингдек, Омбудсман фуқароларнинг бузилган ҳуқуқларини тиклаш юзасидан вазирлик ва идораларга хулоса ҳамда тақдимнома, судларга фуқаролар манфаатларини кўзлаб ариза ва даъволар киритиш ҳуқуқидан ҳам самарали фойдаланиб келмоқда. Мурожаатчилардан суд жараёнларида Омбудсман вакилининг иштирок этишини сўраб ёзилган аризалар ҳам кўп келади. Ўтган йилдан бошлаб, мурожаатларни Омбудсман офисига мурожаатчи ва тегишли давлат ташкилоти ходимини чақириб, кўриб чиқиш амалиётини ҳам жорий қилганмиз. Ва ҳозирги кунда ҳам мурожаатлар билан ишлашда замонавий ахборот-коммуникация технологиялари имкониятларидан кенг фойдаланган ҳолда аҳоли учун қулайликлар яратиш устида ишлаяпмиз.

Шунингдек, мурожаатлар таҳлили асосида Парламентга қонунчиликни такомиллаштириш юзасидан таклифлар берилмоқда.

Эътибор беринг, Омбудсманга юборилаётган фуқаролар мурожаатлари таҳлили аҳолининг мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва манфаатларини таъминлаш бўйича амалга оширилаётган ислоҳотлар, хусусан, аёллар, ёшлар, кексалар, ногиронлиги бўлган шахсларга белгиланган ҳуқуқ ва имтиёзлардан бехабар эканликларини кўрсатди. Шундан келиб чиқиб, Омбудсман институти томонидан мурожаатлар ҳудудлар кесимида таҳлил қилинди ва аҳолининг ҳуқуқий хабардорлигини оширишга зарурат бўлган соҳалар танлаб олинди.

Шу асосда биз янги “Омбудсман мактаби” лойиҳасини йўлга қўйдик. Бу лойиҳани амалга оширишдан мақсад — аҳолини мамлакатимизда инсон ҳуқуқ ва эркинликларини ҳимоя қилиш соҳасидаги туб ўзгаришлар юзасидан хабардорлигини оширишдан иборат.

— Инсон ҳуқуқларини таъминлашда халқаро амалиёт ва миллий тажриба хусусида қандай фикрдасиз?

— Мамлакатимизда нафақат инсон ҳуқуқлари, балки барча соҳани ривожлантиришда, аҳолининг турмуш фаровонлигини янада оширишда рақамли технологияларни жорий этиш, таҳлил қилиш, ўрганиш, халқаро стандартлар ва мамлакатларнинг илғор тажрибаларига таянилади.

Айнан инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасидаги халқаро амалиётни ўрганишда, энг аввало, Ўзбекистон томонидан ратификация қилинган халқаро ҳужжатлар ва шартномалар асосида ўз зиммасига олган мажбуриятларнинг бажарилиши эътиборга олинади.

Хусусан, 2002 йил 18 декабрда БМТ Бош Ассамблеясининг 57/199-резолюцияси билан Қийноқлар ҳамда муомала ва жазолашнинг бошқа шафқатсиз, ғайриинсоний ёки қадр-қимматни камситадиган турларига қарши Конвенциясига доир Факультатив протоколи билан миллий превентив механизм ташкил этилиши назарда тутилган. Бу 2019 йилда Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) ҳузурида қийноқларнинг олдини олиш бўйича жорий қилинган.

Қолаверса, омбудсманлар институти миқёсида айтадиган бўлсам, 2020 йилда Глобал альянс томонидан Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолияти Париж принципларига мувофиқлиги бўйича аккредитациядан ўтказилган ва унга “В” мақоми берилган. Ҳозирга қадар Глобал альянс хулосалари асосида Омбудсман институти “А” мақомни олиш борасида нуфузли халқаро ташкилотлар билан ҳамкорликда ишлаб келинмоқда.

 Раҳим ШЕРҚУЛОВ («Халқ сўзи») суҳбатлашди