Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Омбудсманнинг Самарқанддаги минтақавий вакили ташаббуси билан маҳкумлар тиббий кўрикдан ўтказилди
 2022 йилнинг 17 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакилининг (Омбудсманнинг) Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ва Соғлиқни сақлаш бошқармаси масъул ходимлари билан Самарқанд вилояти Самарқанд шаҳридаги 38-сонли Манзил-колонияда сайёр қабул ташкил этилди. Сайёр қабулни ташкил этишдан мақсад - ушбу муассасада сақланаётган 413 нафар маҳкумларни тиббий кўрикдан ўтказиш ва колониядаги шароитларни ўрганишдир.

Тадбирнинг 1-босқичида Вилоят Соғлиқни сақлаш бошқармаси томонидан махсус ускуналар билан жиҳозланган  1 та автобус ва 8 хил турдаги кўчма тиббий ускуналар жазони ижро этиш манзил-колониясига олиб келинди. 16 нафар тажрибали тиббий ходимлар соат 09:00 дан бошлаб 254 нафар маҳкумларни 15 хил турдаги тиббий кўрикдан ўтказишди.

Тиббий ёрдамларни кўрсатиш учун шифокорлар гуруҳини олиб келишга асосий сабаб, шу манзил колонияда жазо ўтаётган маҳкумнинг мурожаати бўлган – дейди Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили Диёр Хусанов.

-  Ушбу маҳкум телефон орқали мурожаат қилиб иситмалаётгани ва унга манзил-колониянинг тиббиёт ходими томонидан шифохонага йўлланма берилмаётганлигини айтган эди. Бу масала дарҳол ҳал этилган. Қолаверса, манзил- колониянинг тиббиёт бўлимида даволанаётган бемор маҳкумлар билан суҳбатлашганимда малакали шифокорлар гуруҳини манзил-колониянинг ўзига олиб келиш зарурати мавжуд деган хулосага келганман. Ҳозирда бепул тартибда маҳкумларни тиббий кўрикдан ўтказишни бошладик.

Тадбирнинг 2-босқичида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили ва 38-сонли жазони ижро этиш манзил-колонияси раҳбари 90 нафар маҳкум билан жамоавий учрашувлар ўтказишди. Унда Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2021 йил 26 июндаги “Қийноққа солиш ҳолатларини аниқлаш ва уларнинг олдини олиш тизимини такомиллаштиришга доир қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида”ги қарори ҳамда 2021 йил 10 сентябрдаги “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) фаолиятини такомиллаштириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги Фармонларнинг мазмун-моҳияти ҳақида тушунтириш берилди.

Самарқанд шаҳридаги 38-сонли Манзил-колонияда маҳкумлар учун яратилган шарт шароитлар ҳам ўрганилди. Мониторинг жараёнида маҳкумларнинг яшаш шароитлари кўздан кечирилганда баъзи хоналарнинг чироқлари куйганлиги ва алмаштирилмаганлиги, оилавий  учрашув хоналарида сув йўқлиги аниқланди. Ушбу камчиликларни бартараф этиш бўйича манзил-колония раҳбарига тегишли тавсиялар берилди.

Тадбирнинг сўнгги босқичи сифатида Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакили маҳкумларни яккама-якка тартибда қабул қилиб, улар мурожаатларини қабул қилди. Сайёр қабулда Омбудсманнинг Самарқанд вилоятидаги минтақавий вакилига 18 нафар маҳкум томонидан мурожаат келиб тушган бўлса, уларнинг 6 нафарига жойида ҳуқуқий тушунтиришлар берилди. Қолган 12 та мурожаат ўрганиш ва чора кўриш учун олиб кетилди.  

Ушбу мурожаат қилган маҳкумларнинг 2 нафари бугунги кунда яратилган имкониятлардан фойдаланиб олийгоҳга ўқишга кириш учун ёрдам сўради. Ушбу мурожаатлар бўйича тегишли тартибда олийгоҳлар билан ҳамкорликда ишлар ташкил этилиб, имтиҳонга тайёргарлик кўриш учун керакли китоб ва маълумотлар берилиши маълум қилинди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати