Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Самарали парламент назорати механизмларини жорий этишнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси
2022 йилнинг 17 май куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Олий Мажлис ҳузуридаги Қонунчилик муаммолари ва парламент тадқиқотлари институти ва Конрад Аденауэр номидаги фонднинг Ўзбекистондаги ваколатхонаси билан ҳамкорликда ташкил этилган халқаро конференцияда иштирок этди.

Халқаро конференция “Самарали парламент назорати механизмларини жорий этишнинг долзарб масалалари: Ўзбекистон ва хорижий давлатлар тажрибаси” мавзусига бағишланди.

Унда халқаро ташкилотлардан – Германия Федератив Республикаси Бундестаги (парламенти) секретариати, Исроил Кнессети (парламенти) Тадқиқот ва ахборот маркази, Қозоғистон Республикаси Президенти девони моддий-техника таъминоти бўлимининг «Парламентаризм институти» хўжалик юритиш ҳуқуқига эга республика давлат ташкилоти, Қирғизистон Республикаси Жогорку Кенеши Илмий-тадқиқот маркази ва USAIDнинг Ўзбекистонда Ҳуқуқий ислоҳот лойиҳаси вакиллари иштирок этди.

Тадбирда сўнгги йилларда Ўзбекистонда олиб борилаётган жаҳон тенденцияларига мос демократик ислоҳотлар жараёнида парламентнинг, хусусан, парламент назоратининг давлат ва жамият ҳаётидаги ўрни ва аҳамияти янада ошгани қайд этилди.

Маълумки, “Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси қонунининг 1 моддасига кўра, Омбудсманга давлат органлари, корхоналар, муассасалар, ташкилотлар ва мансабдор шахслар томонидан инсон ҳуқуқлари ҳамда эркинликлари тўғрисидаги қонунчиликка риоя этилиши устидан парламент назоратини таъминлаш ваколатлари берилган.

Шу кунга қадар Омбудсман ўзининг қонуний ваколатларидан самарали фойдаланган ҳолда, Парламент назорати субъекти сифатида фуқаролардан келган мурожаатларни ўз назоратига олмоқда. Ушбу мурожаатларни кўриб чиқиш ва ҳал этиш бўйича тегишли давлат органи ва идораларига Омбудсман мурожаати, хулосалари ва тақдимномалари киритиб борилмоқда.

Парламент назорати бўйича мавжуд ҳуқуқий асос ва амалиёт яхши натижа бермоқда, лекин бу уни такомиллаштиришга зарурат йўқ дегани эмас. Албатта, Парламент назоратининг халқаро тажрибада ўзини оқлаган янгидан янги шаклларини ўзлаштириш фойдадан ҳоли бўлмайди – деди тадбирда сўз олган Инсон ҳуқуқлари бўйича Омбудсман Феруза Эшматова

Шу боис анжуманда Олий Мажлис палаталари томонидан парламент назоратини амалга ошириш тажрибасини, парламент назоратини амалга ошириш механизмларига оид илғор хорижий тажрибаларни, хорижий экспертларнинг Янги Ўзбекистондаги парламент ислоҳотлари юзасидан фикрларини ўрганиш йўналишлари қамраб олинди.

Конференцияда ҳуқуқий давлатчиликни шакллантириш кўплаб муаммоларни бартараф этиш билан узвий бўлган мураккаб ва давомли жараён эканлиги қайд этилди. Бугунги кунга келиб оддий бир ҳақиқат – давлат бошқарувида кенг ваколатга эга бўлган парламентсиз мамлакатда тўлақонли демократия бўлиши мумкин эмаслиги яққол кўзга ташланиб қолди. Бунда парламент халқ манфаатларидан келиб чиққан ҳолда, қонунларнинг ижро ҳокимияти органлари томонидан тўлиқ бажарилишини назорат қилиб бориши мамлакат тараққиётида муҳим омилдир.

Конференция иши асносида парламент назоратини амалга ошириш механизмлари бўйича мавжуд муаммолар таҳлил қилинди. Шу билан бирга уларнинг ечимига доир, парламент назорати борасида самарали механизмларни жорий этиш бўйича миллий ва хорижий экспертлар, халқаро ҳамкор ташкилотларнинг фикр-мулоҳазалари ва таклифларини инобатга олган ҳолда, илмий-амалий тавсиялар ишлаб чиқилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати