Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Инсон ҳуқуқларини таъминлаш соҳасида давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқот ўтказилди
2022 йилнинг 7 май куни “Юксалиш” умуммиллий ҳаракати мажлислар залида Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) ҳамда Сенатнинг Суд-ҳуқуқ масалалари ва коррупцияга қарши курашиш қўмитаси билан ҳамкорликда “Инсон ҳуқуқларини таъминланишида давлат бошқаруви органларининг фуқаролик жамияти билан ўзаро ҳамкорлиги” мавзусида давра суҳбати ўтказилди.

Тадбирда Олий суд, Оила ва хотин-қизлар давлат қўмитаси, Бош прокуратура, Инсон ҳуқуқлари бўйича Ўзбекистон Республикаси Миллий маркази, Ички ишлар, Адлия, Соғлиқни сақлаш, Бандлик ва меҳнат муносабатлари, Маҳалла ва нуронийларни қўллаб-қувватлаш вазирликлари вакиллари ҳамда 10 дан ортиқ фуқаролик жамияти институтлари фаоллари, жумладан Демократия ва инсон ҳуқуқлари институти, “Ҳуқуқий таянч” жамоат бирлашмаси, «Юксалиш» умуммиллий ҳаракати, “Тараққиёт стратегияси” маркази, Ўзбекистон инсон ҳуқуқлари «Эзгулик» жамияти ва бошқа нодавлат нотижорат ташкилотлари вакиллари ва ОАВ ходимлари иштирок этишди.

Мазкур давра суҳбатини ташкил этишдан асосий мақсад - давлат органлари ва фуқаролик жамияти институтлари ўртасида умумий мулоқот платформасини яратишдан иборат.

Шунингдек, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ваколатли органлар вакиллари билан бевосита муҳокама қилиш ва бу орқали бир қатор муаммоларга ечим топиш ҳам мазкур мулоқотдан кўзланган асосий мақсадларидан биридир.

Тадбирда сўз олган иштирокчилар жаҳондаги демократик давлатлар тажрибасида фуқаролик жамияти институтларини қўллаб-қувватлаш орқали уларнинг давлат бошқарувидаги иштирокини ошириш ҳамда жамоатчилик назоратини олиб боришдаги ўрнини оширишга алоҳида эътибор берилишини қайд этишди.

Давра суҳбатида таъкидланишича Олий Мажлис Сенати ва Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) институтининг давлат бошқаруви органлари ва фуқаролик жамияти вакиллари ўртасида очиқ мулоқот ташкил этиш ташаббуси учинчи сектор вакилларининг ўз фаолиятлари давомида дуч келган, аҳолини ўйлантираётган масалаларни ваколатли органлар вакиллари билан бевосита муҳокама қилиш имкониятини яратди. Қайд этиш лозимки, бу каби мулоқотлар инсон ҳуқуқ ва эркинликларини таъминлаш юзасидан мавжуд камчиликларни давлат органларининг ваколатли вакилларига етказиш ва бу орқали тегишли соҳаларнинг  ислоҳ қилинишига хизмат қилади.

Давра суҳбати якунида тадбир иштирокчилари томонидан инсоннинг шахсий, сиёсий, иқтисодий, ижтимоий ва маданий ҳуқуқларини ҳимоя қилишда давлат ҳокимияти ва бошқаруви органлари фаолиятининг очиқлигини янада таъминлаш орқали уларнинг фуқаролик жамияти институтлари билан ўзаро ҳамкорлик самарадорлигини ошириш, жамоатчилик назоратини янада кучайтириш юзасидан таклиф ва тавсиялар билдирилди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (Омбудсман) Ахборот хизмати