Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
Болалар Омбудсмани оналик ҳуқуқидан маҳрум бўлган фуқаро мурожаатини назоратга олди
Аёл борки, олам мунаввар. У меҳрибон уй бекаси, хонадон чароғбони бўлиши билан бир қаторда келажагимиз бўлмиш ёш авлодни дунёга келтирувчи она ҳамдир.

Афсуски қизларни эрта турмушга бериш ҳолатлари ҳам учраб туради. Шу масалада Бола ҳуқуқлари бўйича вакил номига Жиззах вилоятида яшовчи Б.Г. мурожаат қилиб, мактабни фақат 5 синфини тугатганлиги, қолган вақтда оила ташвишида бўлганлиги, 14 ёшида уйдагилари томонидан турмушга узатилгани, биринчи турмуши ўхшамай иккинчи турмушга 4-хотин қилиб узатилганлиги ва ачинарлиси ҳар иккала турмушида ҳам қонуний никоҳ қайд этилмасдан, шаръий никоҳ асосида яшаб келганлигини баён қилди.

Аёл шаръий эри томонидан мунтазам калтакланиб келганлиги, 4 нафар боласи борлигини, ҳозирда эри уни уйдан ҳайдаб юборганлиги 4 нафар боласига нисбатан оналик ҳуқуқини суд тартибида бекор қилдириб, аёлдан болаларига нисбатан алимент ундиргани, оналик ҳуқуқини тиклашда амалий ёрдам сўради. Бу ҳолатда аёл хизматкор сифатида ишлатилиши, унга қул сифатида қараши, уриши таҳқирланиши каби зулмга дучор бўлганлигини кўришимиз мумкин.

Фуқаролик ишлари бўйича суд томонидан 2019 йил 18 июль куни Б.Г. 4 нафар фарзандига нисбатан оналик ҳуқуқидан маҳрум қилинган.

Судда ва ундан кейинги босқичларда етарли ҳуқуқий саводхонлиги йўқ бўлганлиги боис, ўз ҳақ ҳуқуқларини ҳимоя қила ололмаганлигини ўз аризасида келтириб ўтди.

Бола ҳуқуқлари бўйича вакил томонидан фуқаронинг аризаси юзасидан тегишли ҳуқуқий тушунтириш берилди ва аризаси ўрнатилган тартибда назоратга олиниб, оналик ҳуқуқини тиклаш бўйича амалий ишлар бошланди.

Олий Мажлисининг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ахборот хизмати