Sayt test rejimida ishlamoqda / Сайт тест режмида ишламоқда / The site is running in test mode / Сайт работает в тестовом режиме
TelegramTwitterphoneInstagramYouTubeFacebook
МЕН ЯНГИ ВА БАХТЛИ ҲАЁТНИ ТАНЛАЙМАН
Жорий йилнинг 12 аперль куни Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Ички ишлар вазирлиги Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси ва қатор ташкилотлар ҳамкорлигида ўтказилган “Мен янги ва бахтли ҳаётни танлайман” мавзусидаги форумда иштирок этди.

Тошкент вилояти Олмалиқ шаҳри Металлурглар маданият саройида ўтказилган форумни “Меҳнат ярмарка”си, ёш рассомлар, мусиқачилар ҳамда “Тадбиркор аёл” ва “Тадбиркор ёшлар” ва ҳунармандлар уюшмалари, Инновацион ёшлар жамоат бирлашмасининг кўргазмали намойиши бошлаб берди.

Жонли мусиқа ҳамроҳлигидаги кўргазмада мамлакатимиз ҳунармадчилигининг бир қанча турларига оид асарлар, ёш рассомлар томонидан моҳирона чизилган суратлар ҳамда  инновацион ишланмалар тақдим этилди.

Фуқароларнинг бандлигига кўмаклашиш мақсадида ўтказилган “Меҳнат ярмарка”сида Тошкент вилоятидаги  корхона ва ташкилотлар ўзларида мавжуд бўш иш ўринлари билан қатнашдилар. Аҳамиятлиси, ярмаркага жалб қилинган фуқароларга меҳнат қонунчилиги, тадбиркорлик ва ўзини-ўзи банд қилиш бўйича маслаҳатлар берилди.

Форумнинг кириш қисмида сўз олган Ўзбекистон Республикаси Ички ишлар вазирининг ўринбосари  Азиз Икрамов бугунги кунда ички ишлар органларида олиб борилаётган ислоҳатлар жараёнида, хотин-қизларга алоҳида эътибор қаратилиши натижасида шахсий таркибдаги аёллар улулши деярли 11 фоизга етганини қайд этди.

Таъкидланишича, сўнгги уч  йилда мамлакатимизда хотин-қизлар аҳволини яхшилаш, уларнинг ижтимоий ҳимояланишини кучайтириш, жамият ривожи ва давлат бошқарувидаги  фаоллигини  ошириш давлат  сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланди.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Феруза Эшматова ўз нутқида форум иштирокчилари эътиборини 2019 йилда қабул қилинган “Хотин-қизлар ва эркаклар учун тенг ҳуқуқ ҳамда имкониятлар кафолатлари тўғрисида”ги ҳамда “Хотин-қизларни тазйиқлар ва зўравонликдан ҳимоя қилиш тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонунининг баъзи жихатларига қаратди.

Ҳозирда руҳан ёки жисмонан тазйиққа учраган ёки шундай хавф мавжуд бўлган хотин-қизлар ички ишлар органларига ҳимоя ордери бериш тўғрисидаги талаб билан мурожаат қилишлари мумкин. Ушбу кафолат ички ишлар органининг мансабдор шахси тазйиқ ва зўравонлик факти ёки уларни содир этиш хавфини аниқлаган пайтдан эътиборан 24 соат ичида 30 кун муддатгача берилади ва шу захотиёқ кучга киради.

Қолаверса, қонунчилигимизга кўра, бирор бир шахс жинс бўйича бевосита ёки билвосита камситилган тақдирда судга давлат божисиз мурожаат қилиши ва хаттоки адвокатларга тўланадиган ҳақ ҳам давлат ҳисобидан қопланиши белгиланган.

Тадбирда сўз олган Вазирлик Ҳуқуқбузарликлар профилактикаси бош бошқармаси бошлиғининг ўринбосари полковник У.Х.Абдуллаеванинг сўзларига кўра, 2020 йили оилаларда ўтказилган суҳбатлар орқали зўравонликдан жабрланган ва тазйиққа учраган 14 774 нафар хотин-қизларга “ҳимоя ордери” расмийлаштирилиб, уларга нисбатан зўравонлик муносабати ёки тазйиқ ўтказган 27 100 нафар шахсларга чекловлар ўрнатилиб, профилактика инспекторлари томонидан назоратга олинган. “Ҳимоя ордери” расмийлаштирилган шахсларнинг муаммоларини ҳал этиш натижасида 8 166 та оилалар яраштирилди ва 5 046 та низоларнинг асл сабаблари бартараф этилган бўлса, ўз навбатида, ўрнатилган чекловларга амал қилмасдан, профилактик иши таъсирига тушмаган ва ўзи учун тўғри хулоса чиқармаган 146 нафар шахслар маъмурий жавобгарликка тортилган, шунингдек, 817 та ажрашган оилалардаги аёлларнинг ҳуқуқларини тўлиқ тиклашга кўмаклашилди.

Мазкур форумнинг мантиқий якуни сифатида тегишли вазирлик, ташкилот ҳамда идоралар ўртасида ҳуқуқбузарликлар ва жиноятчиликни олдини олиш, тазйиқ ва зўравонликка қарши курашишга қаратилган Идоралараро ҳамкорлик тўғрисидаги ҳужжатни ишлаб чиқиш ва ижрога қаратиш режалаштирилган.

Олий Мажлиснинг Инсон ҳуқуқлари бўйича вакили (омбудсман) Матбуот хизмати